17 ноябрь куни Шавкат Мирзиёев Сурхондарёни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича Термиз шаҳрида ўтган йиғилишда қазилма бойликларини ўзлаштириш бўйича мутасаддиларга топшириқ берди.

Унга кўра:

  • Сариосиёдаги «Чинорсой» полиметалл конида қўрғошин, рух ва олтин;
  • «Хўжа-осмин» кони (у ҳам Сариосиёда)да оқ мармар;
  • Бойсун ва Сариосиёда кўмир;
  • Шерободдаги «Хўжаи-кон» конида калий ўғити захиралари ўзлаштирилади.

Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги олдига вилоятнинг тоғли ҳудудларида геология-қидирув ишларини кенгайтириш вазифаси қўйилди.

Шунингдек, вилоят, туман ҳокимларига келгуси йили вилоятда 1,5 млрд доллар инвестиция олиб келиш, саноатда 12 трлн сўм маҳсулот ишлаб чиқариш вазифаси белгиланди.

Бундан ташқари, 500 млн долларлик экспортни амалга ошириб, 100 млн доллар импортни қисқартириш топширилди. Камида 500 минг хорижий сайёҳга хизмат кўрсатиш учун шароит яратиш, 400 минг аҳолини банд қилиш кераклиги айтилди.

«Энг асосий масала — инвестиция ва саноат. Бунда энг катта захира мавжуд конларни ишга солишдир», — деди президент.