2022−2023 ўқув йилида АҚШда таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар сони 1089 нафарни ташкил қилди. Бу АҚШ Давлат департаменти кўмагидаги Халқаро таълим институти (Institute of International Education, IIE) ўтказган «Очиқ эшиклар» ҳисоботига кўра, олдинги йилга нисбатан 72,6 фоизга кўп.

Уларнинг асосий қисми ёки 57,2 фоизи бакалавриат талабалари саналади. 29,9 фоизи магистратура босқичига, 7,9 фоизи ихтиёрий амалий машғулотларга, 5 фоизи эса инглиз тили ёки қисқа муддатли таълим каби илмий даражага тааллуқли бўлмаган таълим йўналишларига қабул қилинган.

Ҳисоботга кўра, 2022−2023 ўқув йилида АҚШ университетларида жами 1 миллиондан ортиқ халқаро талаба таҳсил олган, бу ўтган ўқув йилига нисбатан 12 фоизга кўп.

Чет эллик талабаларнинг ярмидан кўпи ёки 53 фоизи Хитой (289,5 минг) ва Ҳиндистондан (268,9 минг) келган. Бешликка, шунингдек, Жанубий Корея (43,8 минг), Канада (27,8 минг) ва Вьетнам (21,9 минг) киради.

Энг кўп хорижий фуқаролар Калифорния (138,3 минг), Нью-Йорк (126,7 минг), Техас (80,7 минг), Массачусетс (79,7 минг) ва Иллинойс (55,3 минг) штатларида таҳсил олган.

Талабаларнинг аксарияти STEM йўналишларида (Science, Technology, Engineering, Mathematics) таҳсил олган — бу 55 фоизни ташкил этади, дейилади ҳисоботда. Чет элликлар учун математика ва компьютер илмлари етакчи таълим йўналишлари бўлиб қолди — уларни 240,2 минг (22,7%) талаба танлади. 202,8 мингдан ортиқ (19,2 фоиз) талаба муҳандислик, яна 157,2 минг нафари (14,9 фоиз) бизнес ва менежмент йўналишида таҳсил олди.