Президент Шавкат Мирзиёев Сариосиё тумани «Боғистон» маҳалласида рамзий тугмани босиб, ичимлик суви таъминоти лойиҳасининг биринчи босқичини ишга туширди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар қилди.

Хабарда қайд этилишича, 2021 йилда Термизда бўлиб ўтган йиғилишда давлат раҳбари Сурхондарё вилоятида ичимлик суви билан боғлиқ муаммога алоҳида тўхталган эди. Ўша пайтда ҳудудда марказлашган тармоқлар орқали ичимлик суви билан таъминлаш даражаси 60 фоиз атрофида эди. Президент бу борада «Тўпаланг» сув омбори улкан ва тоза манба эканини таъкидлаб, уни аҳолига етказиш бўйича лойиҳа тайёрлаш вазифасини қўйган эди.

Ушбу ҳавзага сув тоғлардаги қор ва муз эришидан йиғилади. Текширувларга кўра, бу сувнинг қаттиқлик даражаси 4 фоиз, фойдали минералларга бой ва мусаффо. Бундан фойдаланиб, Сурхондарё аҳолиси учун муҳим ижтимоий лойиҳа амалга оширилмоқда.

Лойиҳа доирасида сув омборидан то Термиз шаҳригача 380 километр металл қувурлар тортилади. Унинг 159 километри магистрал, 221 километри шаҳар ва туманларни боғловчи ички тармоқлардир. Шунингдек, сув тозалаш, босимни камайтириш ва сув йиғиш иншоотлари қурилади. Бугунги кунда 147 километр қувур тортиб бўлинди. Сув тозалаш, босимни камайтириш ва 5 та сув йиғиш иншооти барпо этилди.

Мазкур босқичда сув Сариосиё, Денов, Шўрчи ва Қумқўрғон туманларига етиб борди. Вилоят аҳолисининг марказлашган ичимлик суви билан таъминланиш даражаси 70 фоизга етди.

Сув ўз оқими билан тушиши туфайли 8,6 млн кВтт/с электр энергияси иқтисод қилинади.

Лойиҳанинг иккинчи босқичида марказлашган ичимлик суви билан таъминланиш даражаси 90 фоизга етказилади. Бундан Сариосиё, Денов, Шўрчи, Қумқўрғон, Жарқўрғон, Бандихон, Қизириқ, Шеробод, Ангор, Музработ, Термиз туманлари ва Термиз шаҳридаги 2 миллионга яқин аҳоли баҳраманд бўлади. Лойиҳани 2024 йилда ниҳоясига етказиш мўлжалланган.