15 ноябрь куни Ўзбекистон президенти Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартириш киритиш бўйича [ЎРҚ-878-сонли] қарорни имзолади. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар бермоқда.

Эндиликда санитария қонунчилигини, санитария нормаларини, қоидаларини ва гигиена нормативларини бузиш:

  • фуқароларга БҲМнинг 5−10 бараваригача = 1 млн 665 минг сўмдан 3 млн 300 минг сўмгача (илгари БҲМнинг 1−3 бараваригача эди);
  • ️мансабдор шахсларга 15−20 бараваригача = 4 млн 950 минг сўмдан 6 млн 600 минг сўмгача (илгари 5−10 бараваригача эди) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Шунингдек, «Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги қонунга қўшимча ва ўзгартиришлар киритилди. Унга мувофиқ қонунчиликда назарда тутилган фаолият турлари учун 1 йил муддатга лицензия олиш ёки суд қарорига асосан шахсга нисбатан муайян фаолият тури билан шуғулланиш тақиқланганлиги лицензия бериш тўғрисидаги аризани рад этиш учун асос бўлади.

Шунингдек, лицензия ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжат қуйидаги ҳолларда ҳам бекор қилиниши белгиланди:

  • лицензия ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни олган шахс томонидан лицензия ёки рухсат бериш талаблари ва шартлари мунтазам бузилганда;
  • лицензия ёки рухсат бериш талаблари ва шартлари 1 маротаба қўпол равишда бузилганда, агар мазкур қоидабузарлик фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига зиён, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига, жамоат хавфсизлигига зарар ҳамда атроф-муҳитга зиён етказилишига, жамият ва давлат манфаатларига зарар етказилишига, тинчлик ва хавфсизликка таҳдид солинишига олиб келган бўлса.

Ушбу ҳолларда қонунчиликда белгиланган фаолият турлари учун 1 йил давомида қайтадан лицензия берилмайди. Мазкур талаб тадбиркорлик субъектининг муассиси ёки бенефициар мулкдори томонидан ташкил этиладиган янги тадбиркорлик субъектларига нисбатан ҳам татбиқ этилади.

Қонунга кўра, қуйидаги фаолият турлари бўйича лицензиялаш ва хабардор қилиш ишларини Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги бажаради:

  • алкоголь маҳсулотларининг улгуржи савдоси;
  • пиво ва пиво ичимликларини ишлаб чиқариш ва улгуржи савдо қилиш фаолияти.

Тамаки маҳсулотлари билан улгуржи савдо қилиш учун Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигини хабардор қилиш зарур. Улар билан чакана савдо қилиш учун жойлардаги туман (шаҳар) солиқ инспекцияларини хабардор қилиш керак.

Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан 3 ой ўтгач кучга киради.