Universalbank кузатув кенгаши раиси Анвар Ирчаев «Газета.uz» билан суҳбати давомида фойдаланувчилар карталаридан пул маблағлари ноқонуний ечиб олингани ҳақидаги мурожаатларга изоҳ берди.

Унга кўра, айни пайтда банк ва ҳуқуқ-тартибот идораларига 7 нафар шахс карталаридаги пул маблағлари ўғирлангани ҳақида ариза билан мурожаат қилган.

«Биздаги маълумотларга кўра, 300 млн сўмга яқин пул ўғирланган. Чунки қолган 200 млн сўмга яқин маблағ банкнинг антифрод тизими (банк ёки интернет транзакцияларини фирибгарлик эҳтимоли даражаси бўйича баҳолаш имконини берувчи чора-тадбирлар мажмуи — таҳр.) томонидан тўхтатиб қолинган. Миллиардлаб сўм ҳақидаги хабарлар ҳақиқатга тўғри келмайди», — деди у.

Банк кузатув кенгаши раисининг аниқлик киритишича, пуллар p2p ўтказмаси, яъни бир жисмоний шахснинг Humo картасидан бошқасининг картасига пул ўтказиш йўли билан ўғирланган.

«Биз ҳозирда карталарига пул юборилган шахсларни аниқлаяпмиз, биламизки, барча карталарда шахснинг фамилияси, исми ва отаисми ёзилган. Ҳуқуқ-тартибот идоралари уларнинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо беради», — деди у.

Анвар Ирчаев тизимларда муаммолар борлиги ва бунинг оқибатида фирибгарлар SMS хабарларга киришга ва фойдаланувчи идентификациясини четлаб ўтишга муваффақ бўлганини таъкидлади. Унинг аниқлик киритишича, SMS хабарлар банк томонидан эмас, балки алоҳида оператор томонидан юборилади ва фойдаланувчи идентификацияси ONE ID (ягона идентификация тизими) орқали ўтади.

У фойдаланувчиларнинг маблағлари тикланишига ишонтирди. «Биз, албатта, пулни тиклаймиз, бунга ҳеч қандай шубҳа бўлиши керак эмас. Барчадан Афросиёб кўчаси 14-уйда жойлашган банкимизга ёки Тошкент шаҳри ИИББ киберхавфсизлик бўлимига мурожаат қилишни сўраймиз… Органларнинг қарорини ва бу ҳолатга берилган баҳони олишимиз биланоқ пулларни қайтарамиз», — деди банк раҳбари.

Анвар Ирчаев, шунингдек, аноним фойдаланувчилар ёки мавжуд бўлмаган исмлар остидаги шахслар томонидан тармоқдаги вазият ҳақида ёлғон хабарлар тарқатилаётганига ҳам эътибор қаратди.

Мазкур ҳолат юзасидан Миллий банклараро процессинг маркази (Humo) директори Шуҳратбек Қурбонов ҳам «Газета.uz»га изоҳ берди.

Унинг таъкидлашича, 14 ноябрь куни бир қатор Telegram каналларда тахминан бир хил — «карталарингизни текширинг, хакерлар банклардан бирининг Humo карталарини бузиб киришди» матнли хабарлар пайдо бўлган. Ушбу хабар кўплаб мижозларда ваҳима уйғотди ва шу сабабли тўлов тизимининг алоқа марказига вазият бўйича тушунтириш сўраб мурожаат қилганлар кўпайган. Шу муносабат билан Миллий банклараро процессинг маркази ўзининг расмий саҳифаларида пресс-релиз эълон қилишга ва ҳолатга изоҳ беришга мажбур бўлган.

«Шу билан бирга, шанба (11 ноябрь) куни эрталаб Facebook тармоғидаги Потребитель.уз гуруҳида фойдаланувчилардан бири ўз картасидан Universalbank`га тегишли виртуал терминал орқали ўзининг рухсатисиз маблағлар ечиб олингани ҳақида хабар қолдирди. Текширув давомида айнан шу исм-фамилияга эга мижоз Humo маълумотлар базасида йўқ бўлиб, аслида карта бошқа шахсга тегишли экани аниқланди. Мижозга ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига мурожаат қилиш тавсия қилинди ва батафсил текшириш учун мижознинг маълумотлари Universalbank`га юборилди», — деди у.

Унинг сўзларига кўра, Миллий банклараро процессинг маркази Ўзбекистондаги бошқа тўлов тизимлари операторлари — Uzcard, Visa, Mastercard ва бошқалар каби мижозларга бевосита хизматлар кўрсатмайди, шу жумладан, уларни идентификация қилиш бўйича жараёнларни бевосита амалга оширмайди. Барча хизматлар тижорат банклари ва лицензияга эга тўлов ташкилотлари томонидан мобил иловалар орқали тақдим этилади.

«Ишончимиз комилки, ҳуқуқ-тартибот идоралари мижозни идентификация қилиш бўйича барча қадамлар бажарилганми ёки йўқми, шу жумладан, картага боғланган рақамга бир марталик SMS кодларни юбориш ва киритиш жараёнлари тўғри амалга оширилганини ўрганишади ҳамда мижозларга пул маблағларини қайтаришда ёрдам беришади. Яна бир бор эслатиб ўтамиз, МБПМ тўлов тизимининг оператори сифатида Humo тўлов тизимига ҳеч қандай киберҳужум (бузиб кириш) бўлмаганини таъкидлайди ва бўлиши ҳам мумкин эмаслигини кафолатлайди», — дея таъкидлади Шуҳратбек Қурбонов.