БМТнинг Чўлланишга қарши кураш тўғрисидаги конвненцияси (CRIC-21) ижросини кўриб чиқиш қўмитаси сессияси доирасида Самарқанд вилоятида «CRIC-21 яшил боғи» ташкил этилди, деб хабар бермоқда Экология вазирлиги.

Тадбирда БМТ бош котиби ўринбосари, Чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши кураш бўйича конвенция ижрочи котиби Иброҳим Тиау, Ўзбекистон Сенати раиси Танзила Нарбаева, экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов ва бошқалар иштирок этди.

Тадбир давомида яшил боғда 1000 туп дарахт кўчати ўтқазилди. Боғ ҳудуди 2,5 гектарга тенг, дейилади хабарда.

Айни пайтда Ўзбекистонда «Яшил макон» лойиҳаси доирасида 1200 гектардан ортиқ боғ ва истироҳат боғлари, миллион гектардан ортиқ яшил майдонлар барпо этилган.

2023 йилда эса 25 октябрдан 1 декабргача кузги дарахт экиш мавсуми эълон қилинган бўлиб, унинг доирасида 85 миллион туп кўчат экиш режалаштирилган.

Мавсумда, шунингдек, ўрмон хўжаликларида 5 миллион дона дарахт экиш, чиқинди полигонлари атрофида ва йирик саноат корхоналари ҳудудида «яшил белбоғ» яратиш, дала четларида 20 миллион туп терак, тут ва узум экиш, боғча, мактаб, олийгоҳ ва шифохоналар ҳудудида 3,5 миллионта кўчат экиш, Оролнинг қуриган тубида 100 минг гектарда «яшил қоплама»ларни барпо этиш кўзда тутилган.