15 ноябрь куни БМТнинг Чўлланишга қарши кураш тўғрисидаги конвенцияси (CRIC-21 UNCCD) ижросини кўриб чиқиш қўмитасининг 21-сессияси доирасида Самарқандда ялпи мажлис бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.

Тадбирда Ўзбекистон экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов, Сент-Луис Қишлоқ хўжалиги, балиқчилик, озиқ-овқат хавфсизлиги ва қишлоқ тараққиёти вазири Алфред Проспер, UNCCD COP15 раиси Ален-Ришар Донваи, Саудия Арабистони Қироллиги атроф-муҳитни муҳофаза қилиш вазири ўринбосари, UNCCD COP16 янги раиси Усама Иброҳим Фақиҳ, UNCCD ижрочи котиби Иброҳим Тиау, ИҲТ бош котиби ўринбосари Ҳусейн Авни Бижакли ва хорижий делегатлар вакиллари иштирок этди.

«Ўзбекистон учун кучайиб бораётган қум ва чанг бўронлари муаммоси ҳар қачонгидан ҳам долзарбдир. Чунки мамлакат ҳудудининг катта қисми дашт ва чўллардан иборат. Ушбу муаммоларни ҳал қилиш учун барча даражаларда комплекс чора-тадбирлар кўриш керак», — деди Азиз Абдуҳакимов ўз нутқида.

Вазир Марказий Осиё мамлакатлари атроф-муҳитни муҳофаза қилиш вазирлари билан платформа яратганини маълум қилди. «Бугун мен ушбу платформани кенгайтириш ва қўшни ҳудудлардаги сиёсатчиларнинг кенг доирасини бирлаштиришни таклиф қиламан», — дея қўшимча қилди у.

«Қум ва чангдан иборат қора булутларнинг ёпирилиб келиши, йўлидаги ҳамма нарсани ютиб юбораётгани ва куннинг тунга айланиши табиатдаги энг ҳайратланарли манзаралардан биридир. Бу Шимолий ва Марказий Осиёдан Африканинг жануби-ғарбий қисмигача бўлган ҳамма жойда тартибсизликни келтириб чиқараётган хавфли ҳодисадир, — деди БМТнинг чўлланишга қарши кураш бўйича конвенцияси ижрочи котиби Иброҳим Тиау. — Қум ва чанг бўронлари барқарор ривожланишга эришиш учун катта муаммо туғдирмоқда. Бироқ, бу хавфни янада оғирлаштириш ҳам, бартараф этиш ҳам инсонларнинг қўлида».

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Гидрометеорология илмий-тадқиқот институти ходими Баҳриддин Нишонов ҳаво ифлосланишини мониторинг қилишнинг замонавий тизимлари муҳим эканлигини таъкидлади.

«Тадқиқотларга кўра, Марказий Осиё ва Хитой атмосферага чанг чиқариш бўйича дунё миқёсида (Саҳройи Кабир чўлидан кейин) иккинчи ўринда туради — бу умумий миқдорнинг тахминан 20 фоизига тенг. Ўзбекистонда шаҳар ва аҳоли пунктларининг атмосфера ҳавосидаги чанг ва майда дисперс заррачаларнинг (РМ1, РМ2,5, РМ10) кўриш диапазони ва концентрациясини реал вақт режимида кузатиш имконини берувчи автоматик метеорологик станциялар ва ҳавонинг ифлосланишини автоматик назорат қилувчи станциялар ўрнатилган. Чанг ва қум бўронларини кузатиш ва прогноз қилиш имкониятларини кучайтириш ушбу ҳодисаларнинг салбий оқибатларини камайтиришга ёрдам беради», — деди у.

Таъкидланишича, БМТнинг Чўлланишга қарши кураш тўғрисидаги конвенциясига (UNCCD) кўра, қум ва чанг бўронлари етарлича эътибор берилмаган муаммо бўлиб, ҳозирда дунёнинг баъзи жойларида «сезиларли даражада» кенг тарқалган.

Ҳар йили атмосферага Гизадаги 350 та пирамида оғирлигига тенг бўлган икки млрд тонна қум ва чанг тарқалади. UNCCD экспертларининг фикрича, бу ҳодисанинг 25 фоиздан ортиғи инсон фаолияти билан боғлиқ. Зарар Шимолий ва Марказий Осиёдан Саҳрои Кабир, Жанубий Африкагача бўлган мамлакатларда содир бўлади, уларнинг инсон саломатлигига таъсири ҳали ҳам етарлича баҳоланмаган.

UNCCD, ФАО ва ҳамкорларнинг қум ва чанг бўронлари ҳамда уларнинг омиллари ҳақидагитўпламидачангли қум бўронлари маълумотларини тўплаш ва баҳолаш, мониторинг қилиш ва эрта огоҳлантириш, юмшатиш ва тайёргарлик, шунингдек, субмиллий, миллий, минтақавий ва глобал даражадаги антропоген манбаларни хариталаш ва юмшатиш методологиялари борасида керакли тавсиялар бериб ўтилган.

БМТнинг Чўлланишга қарши кураш конвенцияси (UNCCD) 1992 йилда Рио-де-Жанейрода бўлиб ўтган Ер саммитида ишлаб чиқилган учта конвенциядан биридир. БМТ Бош Ассамблеяси конвенцияни 1994 йилда таъсис этган. Бу атроф-муҳит ва ривожланишни ердан барқарор фойдаланиш билан боғлайдиган ягона қонуний кучга эга халқаро шартномадир. UNCCDнинг 197 томони (чўлланишдан жабрланган 169 томон) ер унумдорлигини сақлаш ва тиклаш ҳамда энг заиф экотизимлар жойлашган қурғоқчил, ярим қурғоқчил ва қуруқ субнам ҳудудларда қурғоқчилик оқибатларини юмшатиш учун биргаликда ишлайди.