«Кўмир таъминот» корхонасининг Тошкент вилоят филиали бошлиғи 50 минг доллар пора олаётганда ушланди, дея хабар бермоқда Давлат хавфсизлик хизмати.

Муқаддам фирибгарлик билан боғлиқ жиноят содир этгани учун судланган филиал бошлиғи мазкур корхонанинг вакант Сирдарё вилоят филиалига раҳбар сифатида ишга қабул қилинишида кўмаклашиш эвазига фуқародан 50 минг доллар талаб қилган.

Тезкор тадбирда у сўралган пул маблағини олган вақтида қўлга олинган.

Бош прокуратура матбуот хизматининг хабар беришича, корхонанинг Самарқанд вилоят филиали тасарруфидаги «Мароқанд» ва «Зиёвуддин» ҳудудий кўмир омборлари мудирлари куз-қиш мавсумида аҳолига имтиёзли нархда тарқатишга мўлжалланган кўмирларни талон-торож қилгани аниқланган.

Хусусан, «Мароқанд» ҳудудий кўмир омбори мудири А.Б. 368,1 млн сўмлик 1225,6 тонна кўмир маҳсулотларини фуқаролар олгани тўғрисида сохта маълумотлар тайёрлаган. Уларни нақд пулга сотиб, талон-торож қилган.

бош прокуратура, дхх, кўмир таъминоти
Фото: Бош прокуратура.

«Зиёвуддин» ҳудудий кўмир омбори мудири Ф.С. эса 549,5 млн сўмлик 915,9 тонна кўмир маҳсулотлари талон-торож қилган.

Мазкур ҳолатлар бўйича жиноят иши қўзғатилиб, кўмир омбор мудирлари процессуал тартибда ушланган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Андижон, Наманган ва Фарғонада аҳолига тарқатилиши керак бўлган кўмирлар ўзлаштиргани аниқланганди.