Париж суди Сурия президенти Башар Асадни 2013 йилда кимёвий қурол қўллаш билан боғлиқ инсониятга қарши жиноятларда айбланиб, ҳибсга олишга халқаро ордер берди, деб ёзмоқда Le Monde.

Гап 2013 йил 21 август куни Дамашқ яқинидаги Шарқий Гутада зарин газидан фойдаланган ҳолда уюштирилган ҳужум ҳақида кетмоқда, АҚШ маълумотларига кўра, ўшанда 1400 дан ортиқ одам ҳалок бўлган. Ҳужум Суриядаги фуқаролар уруши, Асад режими ҳукумат кучлари ва мухолифат ўртасидаги можаро бошланганидан икки йил ўтиб амалга оширилган.

Асаддан ташқари унинг укаси, Сурия Республика гвардияси қўмондони Маҳер Асад ва икки генералга ҳам айбловлар қўйилган. Улар ҳам инсониятга қарши жиноятларда гумон қилинмоқда.

Нашрнинг қайд этишича, Париж суди департаменти Суриядаги кимёвий ҳужумларни 2021 йилдан бери текшириб келмоқда. Тергов Сурия ОАВ ва сўз эркинлиги маркази (SCM), Очиқ жамият адолат ташаббуси (OSJI) ва Суриядаги инсон ҳуқуқлари бузилишини ҳужжатлаштирган Сурия архиви шикояти ортидан ўтказилган.

«Бу муҳим қадам, — дея иқтибос келтиради Le Figaro SCM асосчиси Мазен Дарвиш сўзларидан. — Мустақил юрисдикция Сурия президенти жавобгар ва бунинг учун жавоб бериши кераклигини билмаган ҳолда кимёвий ҳужум содир бўлиши мумкин эмаслигини тан олади». Унинг сўзларига кўра, ўз кўзлари билан кўрган гувоҳлар ва Сурия қуролли кучларини назорат қилиш тизимининг чуқур таҳлили Башар Асадга қўйилган айбловларни тасдиқлайди.