Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари 19 сентябрда бош вазир ўринбосари Ачилбай Раматовга «Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш соҳасига замонавий ахборот технологияларини жорий этишда амалга оширилаётган ишлар ҳолати тўғрисида» жўнатилган парламент сўровига берилган жавобдан қониқмаганини таъкидлади.

26 октябрда мазкур парламент сўровига жавоб тақдим этилган. Белгиланган тартиб бўйича жавоб барча партиялар фракциялари йиғилишида муҳокама қилинган.

Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Эркин Солиҳовнинг қайд этишича, муҳокамаларда республикада йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашда қатор ижобий ишлар амалга оширилгани ва тақдим этилган маълумотларда бу ўз аксини топгани таъкидлаб ўтилган.

Скрин: YouTube / Oliy MajlisСкрин: YouTube / Oliy Majlis

Лекин, шу билан бирга, Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган қарорда кўзда тутилган саволга етарлича маълумотлар тақдим этилмагани, жавоблар тўлиқ бўлмагани учун депутатлар томонидан ушбу масалани қайта кўриб чиқиш таклифи билдирилган. Яъни бош вазир ўринбосарига ушбу масала бўйича қўйилган саволларга тўлиқ жавоб бериш[ни сўраш — таҳр.] тўғрисида қарор қабул қилиш таклифи берилган.

Шундан келиб чиқиб, 1 декабргача бош вазир ўринбосари қўшимча жавоб бериши тўғрисида банд киритилган.