Сурхондарё вилояти Қумқўрғон туманида ҳоким ёрдамчиси фуқароларнинг номига кредит олгани аниқланди, деб хабар бермоқда вилоят прокуратураси.

Туманнинг «Тўда» МФЙ ҳоким ёрдамчиси лавозимида 2022 йил январидан бери ишлаб келган У.Т. бир вақтда тадбиркорлик фаолияти билан ҳам шуғулланган. Ўтган йилнинг мартида ўзи таъсисчилигида ташкил этган Volunteer Team МЧЖни 2023 йил сентябрига қадар бошқарган.

У таъминотчи сифатида фуқаро М.Э. ва бошқаларни алдаб, уларнинг электрон имзоларини қўлга киритиб, номига иссиқхона фаолияти ташкил этиш учун 4 маротаба 33 млн сўмдан жами 132 млн сўм кредит ажратилишига эришган. Бу пулларни ўзи раҳбарлик қилаётган жамият ҳисобига тушириб, эҳтиёжларига ишлатиб юборган, дейилади прокуратура хабарида.

Ҳолат юзасидан 9 ноябрь куни туман прокуратураси томонидан Volunteer Team МЧЖ раҳбари У.Т.га нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) 3-қисми «б» (такроран ёки хавфли рецидивист томонидан), «в» (хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда) бандлари билан жиноят иши қўзғатилган.

Жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари туман ИИБ хузуридаги тергов гуруҳи томонидан олиб борилмоқда. У.Т. шу йилнинг 31 октябрь куни ҳоким ёрдамчиси лавозимидан озод қилинган.

Айби судда исботланса, айбланувчи БҲМ (330 минг сўм)нинг 300 бараваридан 400 бараваригача миқдорда жарима ёки 2 йилдан 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд муайян ҳуқуқдан маҳрум этилган ҳолда 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.