Қашқадарё вилояти Китоб туманида фуқаро 21 туп қайрағоч дарахтини ноқонуний кесиб ташлагани аниқланди, дея хабар бермоқда вилоят экология бошқармаси матбуот хизмати.

Фуқаро фермер хўжалиги ер майдони атрофидан 21 туп қайрағоч дарахтини хеч қандай рухсатномаларсиз кесиб ташлаган. Бунинг оқибатида етказилган зарар 180 млн 840 минг сўм этиб ҳисобланган.

Ҳолат бўйича тўпланган хужжатлар туман прокуратурасига тақдим этилган, дейилади хабарда.

Маълумот ўрнида, Ўзбекистонда январь-сентябрь ойларида дарахтларнинг ноқонуний кесилиши билан боғлиқ 2427 та ҳуқуқбузарлик қайд этилган. Ушбу ҳолатларда 714 туп қимматбаҳо навли дарахт ноқонуний кесилган.

Шунингдек, Қизил китобга киритилган ўсимликлар йиғиб олиниши ва ўрмон фонди ер участкаларини ижарага бериб юбориш ҳолатлари аниқланмоқда.