Ўтган ҳафта Ўзбекистондаги миссиясини якунлаган UNICEF`нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Мунир Мамедзаде «Газета.uz»га берган интервьюсида Суриядаги ҳарбий лагерлардан ватанига қайтарилган аёллар ва болалар тақдирига тўхталиб ўтди.

«Биз Ўзбекистон ҳукуматидан айнан болалар ва аёллар вазият қурбони сифатида баҳолангани учун жуда миннатдормиз. Тушунарлики, ҳеч бир бола ўзига бу тақдирни танламаган ва аёллар ҳам, ҳеч бўлмаганда, ватанига қайтарилган аёллар бу вазиятга ўз ихтиёри билан тушиб қолмаган. Уларни ижтимоий интеграция тамойиллари асосида қабул қилиш йўли билан реинтеграция қилиш қарори жуда муҳим қадам бўлди. Бу тажриба глобал миқёсда энг ижобийларидан бири сифатида ҳужжатлаштирилди», — деди у.

Шунингдек, UNICEF`нинг собиқ раҳбари Сурия лагерларида Ўзбекистон фуқаролари ҳали ҳам борлигини қўшимча қилди. «Раҳбарият билан хайрлашув учрашувлари чоғида бу ишни якунлаб, қолган аёллар ва болаларни ҳам мамлакатга қайтаришни сўрайман. Чунки бешта кампания ўтказилди ва, Худо хоҳласа, олтинчи муваффақиятли кампания билан бу ишни ниҳоясига етказишимиз мумкин».

«Бизнинг ўртача, яъни юз фоиз тўғри бўлмаган ҳисобимизга кўра, 200 нафарга яқин болалар ва аёллар ҳали ҳам Сурияда ва репатриацияни сўрамоқда», — дейди Мунир Мамедзаде.

Маълумотларнинг ноаниқлигига изоҳ берар экан, у буни идентификациялаш жараёнидаги қийинчиликлар билан изоҳлади.

«Бизда маълумотлар бор. Аммо бу маълумотлар, биринчидан, идентификация жараёни давом этаётгани сабабли аниқ эмас. Айримлар икки фуқароликка эга ёки бир вақтнинг ўзида қўшни давлатга ҳам, Ўзбекистонга ҳам репатриация қилиниши мумкин. Шунингдек, болаларга нисбатан [идентификация қилиш жараёни] оналик орқали давом этмоқда. Агар она ўзбекистонлик бўлса, демак, бола ҳам ўзбекистонлик деб қабул қилинади».

UNICEF`нинг Ўзбекистондаги собиқ раҳбари, шунингдек, аввал бешта «Меҳр» операцияси доирасида ватанига қайтарилган аёллар ва болаларнинг реинтеграция жараёни ҳақида ҳам гапирди.

«Реинтеграция жараёни жуда жиддий жараён ва узоқ муддатли ёрдамни талаб қилади, чунки бизда тегишли маҳаллий хизматлар: ҳимояга муҳтож гуруҳларга ихтисослашган ижтимоий ишчилар ва психологлар мавжуд эмас. Бу иш кўпроқ бизнинг техник ёрдамимиз билан амалга оширилади. Биз жойларда мутахассисларни тайёрладик».

«Биринчи кампаниялар бир неча йил олдин ўтказилганига қарамай, биз ҳали ҳам [репатриантларни] кузатиб турибмиз. Аммо бу мунтазам ўзаро алоқада бўлиб туришни, таълим, иш билан таъминлаш ва, умуман, ҳаётга ёки янги шароитларга тўлиқ мослашиш учун ишлашни талаб этадиган категория. Бу тезда содир бўладиган жараён эмас. Қайтарилганларнинг кўпчилиги муваффақиятли интеграция бўла олди. Аммо бу жараён шундайки, сиз шунчаки калит билан қулфлаб, ташқарига чиқиб, „муаммо ҳал қилинди, улар тўлиқ интеграция қилинди“ деёлмайсиз. Бу йўлда давом этиш керак. Бу кузатув жараёни мазкур одамлар билан олиб борилаётган жуда муҳим иш бўлиб, улар маълум бир босқичда ушбу дастурлардан чиқарилади ва жамиятнинг тўлақонли аъзосига айланиб, Ўзбекистоннинг бошқа фуқаролари каби одатий фаолият олиб бориши мумкин бўлади», — дея таъкидлади Мунир Мамедзаде.

2019 йилдан бошлаб ўтказилган «Меҳр-1, 2, 3, 4 ва 5» операциялари давомида Сурия, Ироқ ва Афғонистондан 531 нафар оғир аҳволда қолган аёл ва болалар Ўзбекистонга қайтарилганди. Сўнгги бор «Меҳр» операцияси 2021 йилда ўтказилган.

UNICEF`нинг Ўзбекистондаги собиқ раҳбари билан тўлиқ видеоинтервью (рус тилида)