Ўзбекистон делегацияси 1−2 декабрь кунлари Дубай шаҳрида бўлиб ўтадиган БМТнинг Иқлим ўзгариши тўғрисидаги ҳадли конвенцияси иштирокчиларининг 28-конференцияси доирасидаги Иқлим ўзгаришларига қарши курашиш соҳасидаги ҳаракатлар бўйича жаҳон саммитида иштирок этади.

Президент матбуот хизматининг хабар қилишича, бўлажак СОР-28да Ўзбекистон миллий, минтақавий ва глобал даражада иқлим ўзгаришига қарши курашни кучайтириш юзасидан қатор таклиф ва ташаббусларни илгари суради.

Шунингдек, мамлакат БАА раҳбарияти томонидан СОР-28 раиси сифатида илгари сурилаётган муҳим ташаббусларни қўллаб-қувватлайди.

Форум иқлим ўзгаришига қарши курашиш ва унинг оқибатларини юмшатиш, иқлим бўйича стратегиялар ва «яшил» энергетикага ўтишни молиялаштириш борасидаги халқаро саъй-ҳаракатларни бирлаштиради.

Қайд этилишича, келгуси йилда Самарқандда халқаро иқлим форуми бўлиб ўтади, унда Марказий Осиё мамлакатларининг иқлим билан боғлиқ таҳдидларга қарши курашиш бўйича саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш бўйича БМТ Бош ассамблеяси резолюцияси лойиҳаси муҳокама қилинади.