Буюк Британиянинг собиқ бош вазири Дэвид Кэмерон Буюк Британия ташқи ишлар вазири этиб тайинланди. Бу ҳақда Британия ҳукумати раҳбари идораси маълум қилди.

13 ноябрь куни бош вазир Риши Сунак Британия ҳукуматида бир қатор ўзгаришларни амалга оширди. У ички ишлар вазири Суэлла Браверманни ишдан бўшатди ва унинг ўрнига аввалроқ ТИВ раҳбари лавозимида ишлаб келган Жеймс Клеверли тайинланди.

Тайинловлардан Кэмерон Х (Twitter) ижтимоий тармоғида сўнгги етти йил давомида сиёсатдан узоқлашганини ёзди, бироқ унинг тажрибаси «ҳаётий муҳим муаммоларни» енгишда ёрдам беришига умид билдирди. Унинг сўзларига кўра, Буюк Британия «катта халқаро муаммолар», жумладан, Украинадаги уруш ва Яқин Шарқдаги можаролар билан тўқнаш келган ҳамда мамлакат иттифоқчиларини қўллаб-қувватлаши ва ҳамкорликни мустаҳкамлаши зарур.

Дэвид Кэмерон 2005 йилда Консервативлар партияси етакчиси, 2010 йилда эса бош вазир бўлган. У 2016 йилнинг ёзида Brexit референдумида мағлуб бўлганидан сўнг истеъфога чиқди — собиқ бош вазир Буюк Британияни Европа Иттифоқи таркибида сақлаб қолиш тарафдори эди.