Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ва Давлат хавфсизлик хизмати️ ҳудудларда бир қатор фирибгарлик бўйича гумонланганларни қўлга олди, дея хабар бермоқда ЎзА.

Тошкент вилояти Зангиота туманида жойлашган «Бек Барака ихтисослашган савдо комплекси» МЧЖ директори ўринбосари бозор балансидаги янги типда қурилган енгил конструкцияли савдо дўконини сотмоқчи бўлган.

Уни ўзининг юқори лавозимларда ишловчи танишлари орқали тадбиркорлик билан шуғулланмоқчи бўлган фуқарога олиб бериш эвазига 20 минг доллар олган вақтида ушланган.

Тошкент шаҳрида адвокатлик бюроси адвокати фуқародан 5 минг доллар олган вақтида қўлга тушган.

У ўзининг Олий судда ишловчи танишлари орқали фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро судининг 2023 йил октябрь ойидаги ҳал қилув қарорини суднинг аппелляция инстанцияси жараёнида фуқаро (судланувчи) фойдасига ўзгаришсиз қолдириш масаласини ҳал қилиб беришни ваъда қилган.

Бухоро вилоятида ўзини ички ишлар идоралари ходими деб таништирган шахс маҳаллий фуқародан унинг танишига нисбатан ИИО томонидан Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисми билан қўзғатилган жиноят иши юзасидан мазкур шахсни тергов ҳибсхонасидан чиқариш ва унга нисбатан юритилган жиноят ишини ҳаракатдан тугатишни ҳал қилиб беришини айтган.

Эвазига 10 минг доллар талаб қилган. У олдиндан 2 минг долларни олган вақтида ушланган.

Миллий гвардия Хоразм вилояти Қўриқлаш бошқармасининг Шовот тумани қўриқлаш бўлими техник қўриқлаш маркази бошлиғи 1400 доллар ҳамда 1,2 млн сўм пулни олган вақтида ушланган. У маҳаллий фуқарони Миллий гвардия тизимига ишга жойлаштириб қўйишни ваъда қилган.

Ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.