Туркиянинг Albayrak Holding компанияси Ўзбекистон шаҳарларида йўл ҳаракати қоидабузарликларини аниқлашнинг автоматлаштирилган фото ва видео қурилмаларини ўрнатиш лойиҳасини амалга оширмоқда. Бу ҳақда Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

10 ноябр куни вазирлик раҳбари Лазиз Кудратов Albayrak Holding координатори Эрдал Налбант билан учрашув ўтказди.

Томонлар Ўзбекистон шаҳарларида йўл ҳаракати қоидабузарликларини қайд этувчи қурилмаларни ўрнатиш лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган ишларнинг боришини муҳокама қилди ва «тизимни ўз вақтида ишга тушириш бўйича самарали чоралар кўриш» зарурлигини таъкидлади.

Маълум қилинишича, компания Ўзбекистонда рақамлаштириш, инфратузилмани ривожлантириш ва машинасозлик соҳаларида янги лойиҳаларни амалга ошириш имкониятларини кўриб чиқмоқда.

Август ойида Эрдал Налбант Тошкентга ташрифи чоғида Albayrak Holding учун IT-Park резиденти мақомини олишга, шунингдек, хорижий компанияларга республикада экспортни ривожлантириш учун Ўзбекистон бозорига киришга имкон берадиган Zero-Risk Program — софтлендинг дастурига қизиқиш билдирганди.

Albayrak Holding таркибига 80 та компания киради. Улар орасида Rasat компанияси йўл ҳаракати қоидабузарликлари аниқлаш, транспорт оқимларини бошқариш учун маълумотларни таҳлил қилиш, ақлли чорраҳалар ва бошқаларни ўрнатиш билан шуғулланади.

Ходимлар сони 10 минг кишидан ошади. Холдинг қишлоқ хўжалиги, чиқиндиларни қайта ишлаш, қоғоз ишлаб чиқариш, транспорт ва логистика, машинасозлик, инфратузилма қурилиши ва бошқа соҳаларда лойиҳаларни амалга оширади.