Тошкентнинг Чилонзор туманидаги «Кўзи ожизлар» жомеъ масжидида жума намозини адо этиш вақтида 50 ёшлар атрофидаги эркак оламдан ўтди. Бу ҳақда ҳодисага гувоҳ бўлган «Газета.uz» мухбири хабар бермоқда.

Унинг сўзларига кўра, эркак намоз ўқиётган вақтида йиқилиб тушган ва худди ҳуррак отаётгандек қийналиб нафас ола бошлаган. Ён-атрофдаги одамлар эса унга биринчи ёрдамни кўрсатишга ҳаракат қилган.

Яқин-атрофдаги дўкондан қошиқ олиб келиб, орқага кетиб қолган тилини қайтаришди, ёнбошлатиб ётқизиб, юракни уқалай бошлашди.

Бу орада эса тез тиббий ёрдамга ҳам қўнғироқ қилиниб, манзил ва бошқа маълумотлар айтилган. Бироқ шифокорлар келгунига қадар, одамлар томонидан кўрилган чораларга қарамасдан, эркакнинг юрак уриши тўхтади, дейди мухбир.

жума намози, тошкент

«Тез тиббий ёрдамга қўнғироқ қилинганидан 20 дақиқалардан ошиқроқ вақт ўтиб, шифокорлар бригадаси етиб келди. Бироқ тез ёрдам машинаси автомобиллар йўлни тўсиб қўйгани сабабли мурда ётган жойгача етиб келолмади. Ички ишлар органлари ходимлари „204 Spark машинаси кимники, машинангизни олинг, йўлни тўсиб қўйибсиз“, деб бақиришиб юрганди», — дея воқеани айтиб берди «Газета.uz» мухбири.

Унинг қўшимча қилишича, ижтимоий тармоқларда хабар тарқалгач, фойдаланувчилар бошқа масжидларда ҳам шунга ўхшаш ҳолатлар бўлгани, маърузаларда қайта-қайта таъкидланганига қарамасдан, масжидларга шахсий машинада бориш ва автомобили билан йўлларни тўсиб қўйиш ҳолатлар учраётганини билдирган.

Ҳозирча ҳодиса юзасидан расмий маълумот берилгани йўқ.