Хоразм вилояти «Шовот» чегара божхона постида божхона ходимлари 2 дона қадимий билагузукни яширинча олиб чиқишга уринган йўловчини тўхтатиб қолишди. Бу ҳақда вилоят божхона бошқармаси хабар қилди.

«Шовот» чегара божхона пости орқали «яшил» йўлак орқали ҳаракатланган ушбу йўловчи 520 граммдан зиёд оғирликдаги билагузукларни қўл юки орасида олиб чиқишга уринган.

Санъатшунослик экспертизаси хулосасига кўра — никель, мис, қалай ва кумуш аралашмасидан қўлдан ишланган ушбу билагузуклар XX аср бошларига мансуб бўлиб, тарихий-бадиий қийматга эга маданий бойлик ҳисобланади.

Жиноят ишлари бўйича, Шовот туман судининг қарорига асосан қадимий ашёлар давлат эгалигига ўтказилди ва Хива «Ичанқалъа» давлат музей қўриқхонасига топширилди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикасининг 1998 йил 29 августдаги «Маданий бойликларнинг олиб чиқилиши ва олиб кирилиши тўғрисида»ги қонуни ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 23 мартдаги «Маданий бойликларни олиб чиқилиши ва олиб кирилиши тўғрисида»ги низом талабларига мувофиқ эллик йил муқаддам ва ундан ҳам олдин яратилган маданий бойликларни Ўзбекистон ҳудудидан олиб чиқиш мумкин эмас.