Оқ уй матбуот котиби Жон Кирбининг маълум қилишича, Исроил Ғазода гуманитар танаффуслар қилишга рози бўлди. Бу ҳақда Meduza хабар берди.

Исроил бош вазири Нетаньяхунинг идораси бир неча кундан бери қочқинлар учун коридорлар очилаётганини билдирган.

Кирбининг сўзларига кўра, гуманитар танаффуслар тўрт соат давом этади, улар бошланишидан тахминан уч соат олдин огоҳлантирилади. Паузалар вақтида иккита гуманитар коридор ишлайди, бу эса тинч аҳолига секторнинг жанубига кўчиб ўтиш имконини беради.

«Исроилликлар бизга пауза вақтида бу ҳудудларда ҳеч қандай ҳарбий амалиётлар ўтказилмаслигини айтди», — деди Оқ уй матбуот котиби.

Исроил АҚШ билан маслаҳатлашувлар, жумладан, бош вазир Биньямин Нетаньяху ва президент Жо Байден ўртасидаги суҳбатдан кейин гуманитар паузаларни бошлашга қарор қилинган.

Нетаньяхунинг идораси, ўз навбатида, Ғазо секторининг шимолидан жанубигача бўлган гуманитар йўлаклар 5 ноябрь, якшанба куни иш бошлаганини маълум қилди. Маълумотларга кўра, биргина 8 ноябрь кунида улардан 50 минг киши фойдаланган.

The Times of Israel нашрига кўра, бундай паузалар уруш бошланганидан бери биринчи марта амалга оширилди.

Ғазо секторида уруш бошланганидан буён, ҲАМАС назоратидаги Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, 10 812 киши ҳалок бўлган, уларнинг тахминан 40 фоизи болалар ҳиссасига тўғри келади.

Ноябрь ойи бошида Миср эвакуация қилиш учун Ғазо сектори билан чегарадаги Рафаҳ назорат-ўтказиш пунктини очганди.