Хорижий фуқароларнинг дастлабки гуруҳлари Миср билан чегарадаги Рафаҳ назорат пункти орқали Ғазо секторини тарк эта бошлади. Бу ҳақда The Times of Israel нашрига таяниб, Meduza хабар берди.

Тахминларга кўра, 400 га яқин хорижий паспорт эгалари 1 ноябрь куни ушбу назорат-ўтказиш пункти орқали Фаластин ҳудудини тарк этишлари мумкин бўлади.

Бундан ташқари, 90 га яқин оғир ярадор Ғазо секторидан олиб чиқилиши кутилмоқда. Назорат пункти яқинида Миср ҳукумати дала касалхоналарини ташкил қилаётгани келтирилган.

Аввалроқ Буюк Британия ташқи ишлар вазири Жеймс Клеверли Рафаҳ назорат-ўтказиш пункти 1 ноябрь куни очилиши ва у ерда қолган хорижликлар Фаластин ҳудудини тарк этиши мумкинлигини маълум қилганди. Унинг қўшимча қилишича, Британия ҳукумати ўз фуқаролари Ғазо секторини тарк этиши биланоқ уларга ёрдам беришга тайёр бўлади.

Reuters манбалари ҳам Рафаҳ назорат-ўтказиш пунктининг 1 ноябрда очилиши мумкинлиги ҳақида хабар берганди. Агентлик суҳбатдошларининг сўзларига кўра, тегишли келишувга Қатар воситачилигида Исроил, Миср ва ҲАМАС вакиллари ўртасида ўтказилган музокаралар чоғида эришилган.

Ғазо-Миср чегарасидаги назорат-ўтказиш пункти қанча вақт очиқ бўлиши номаълум.

Рафаҳ ўтказиш пункти Ғазо секторидан Исроил томонидан назорат қилинмайдиган ягона чегара пунктидир. Ғазо секторидаги яна иккита назорат пункти — Эрез ва Керем Шалом Исроил ҳудудига киради ва улар ишламаяпти. Рафаҳ орқали, жумладан, Ғазо секторига инсонпарварлик ёрдами кириб келади.

Қочқинлар лагерига авиазарба

Бир кун аввал ҲАМАС назоратидаги Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ғазо сектори шимолидаги Жабалия шаҳрида портлаш содир бўлганини маълум қилганди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда яқин атрофдаги Индонезия шифохонаси директори камида 50 киши ҳалок бўлганини даъво қилган.

Кейинроқ Исроил мудофаа кучлари матбуот котиби Даниэль Хагари Исроил авиацияси Ғазо секторидаги Жабалия қочқинлар лагерига зарба берганини тасдиқлаган.

The Guardian маълумотларига кўра, вайроналар остидан 47 кишининг жасади топилган.