2023 йилнинг январь-июнь ойларида тез тиббий ёрдам хизматига жами 1752 та ёлғон чақириқ келиб тушган. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди.

Кўрсаткич 2022 йилнинг айни шу даврига нисбатан қарийб 975 тага камайган.

Энг кўп ёлғон чақириқ Тошкент вилоятида кузатилган — 325 та. Кейинги ўринда Фарғона вилояти қайд этилди — 284 та. Шунингдек, Қашқадарё вилоятидан 248 та ана шундай мурожаат келиб тушган. Энг кам ёлғон чақириқ эса Самарқанд вилоятида рўйхатга олинди — 17 та.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йил январь-июнь ойларида тез тиббий ёрдам хизматига жами 6 млн 337 мингта чақириқ келиб тушган. Уларнинг энг кўпи водий вилоятлари ва пойтахтда қайд этилган. 2022 йил давомида чақириқлар сони 13 миллиондан ошганди.