8 ноябрь куни Сурхондарё вилояти Бойсун туманидан ўтувчи М-39 халқаро автомагистраль йўли ва айрим хонадонларни сел босди, дея хабар бермоқда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати.

М-39 халқаро автомагистралининг Бойсун тумани «Чилонзор» маҳалласидан ўтган қисмида сел-сув тошқинлари йўлнинг қатнов қисмига чиқиб келган. Ҳодиса жойига туман ҳокимлиги, ички ишлар, фавқулодда вазиятлар, йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлинмалари ходимлари етиб борган ва вазиятни назоратга олган.

сел-сув тошқин хавфи, сурхондарё

Ҳозирда сел-сув тошқини оқибатларини бартараф этиш, хусусан, йўл бўйида жойлашган айрим хонадонлар ва бошқа объектларда сув тўпламларини ҳамда йўлдаги лой-шағал аралашмасини тозалаш ишлари олиб борилмоқда.

«Транспорт ҳаракати тикланган. Ҳодиса оқибатида ҳеч ким жабрланмаган», — дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, Ўзгидромет хизмати агентлиги 8−9 ноябрь кунлари кучли ёмғирлар ёғиши кутилаётгани сабабли республиканинг тоғолди ва тоғли ҳудудларида сел-сув тошқини ҳодисалари юзага келиши мумкинлигидан огоҳлантирганди.