Буюк Британиянинг Шарқий Европа ва Марказий Осиё бўйича савдо комиссари Кенан Полео Ўзбекистон-Британия Савдо ва саноат кенгашининг (ЎБССК) 27-йиғилиши арафасида «Газета.uz» мухбирининг икки давлатнинг сармоявий ва савдо салоҳияти, шунингдек, «яшил» иқтисодиётни ривожлантириш истиқболлари ҳақидаги саволларига жавоб берди.

— Марказий Осиёда, хусусан, Ўзбекистонда Буюк Британиядан сармоя жалб этишда қандай лойиҳалар устувор ҳисобланади?

— Марказий Осиё — Буюк Британия учун катта қизиқиш уйғотадиган минтақа, у бизнес юритиш имкониятлари, табиий ресурслар ва Буюк Британиянинг инновацион компаниялари билан ҳамкорлик қилиш учун мос бўлган кучли соҳаларга эга.

Марказий Осиё давлатлари орасида, хусусан, Ўзбекистон катта салоҳиятга эга, ўсиб бораётган бозор ҳисобланади. Буюк Британия ва Ўзбекистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 267 млн фунт стерлинг бўлиб, 2021 йилда Буюк Британиядан Ўзбекистонга тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар (ТТХИ) 92 млн фунт стерлингни ташкил этди, бу эса ҳар икки мамлакатда кейинчалик яна ўсиш ва янги иш ўринлари яратиш учун мустаҳкам асос борлигини кўрсатади.

Яқин кунлардан энг яхши мисол Ўзбекистон тарихда биринчи марта 4,25 трлн сўмлик «яшил» облигацияларини Лондон фонд биржасига жойлаштиргани ҳисобланади. Ўзбекистон ҳукумати ушбу ташаббус учун бизни танлаганидан жуда мамнунмиз. Евробондлардан тушган маблағлар «Ўзбекистон-2030» стратегияси мақсадларини амалга ошириш, шунингдек, «яшил» иқтисодиётга ўтиш ва энергетика соҳасида ислоҳотларни амалга оширишга учун ишлатилади.

— 2021 йилда Ўзбекистон жаҳонда биринчи бўлиб Буюк Британиянинг Умумий преференциялар тизимининг (GSP EF) кенгайтирилган схемасига қўшилди. Бу мамлакатлар ўртасидаги савдо муносабатларига қандай таъсир кўрсатди ва ўзбек экспортёрлари учун экспорт жараёнида қийинчиликлар борми? Агар қандайдир қийинчиликлар бўлса, уларни бартараф этиш учун ҳукумат ёки экспортчиларга қандай маслаҳат берасиз?

— Ўзбекистон бизнинг такомиллаштирилган савдо схемамизда биринчи бенефициар давлат бўлганини кўриб, хурсанд бўлдим. Буни ҳар икки давлатнинг савдо муносабатларини фаоллаштириш ниятида экани ҳақидаги ўта ижобий белги сифатида кўриш керак. Ушбу саъй-ҳаракатлар натижасида Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган 7800 дан ортиқ товарларга импорт божи қўлланмаяпти, бу Ўзбекистондаги тадбиркорлик субъектларига кўпроқ маҳсулот ишлаб чиқариш ва Буюк Британияга кўпроқ сотиш имконини беради.

Бу, ўз навбатида, жадал ўсиб бораётган ва ёш аҳолига эга Ўзбекистонда иш ўринлари яратиш ва тадбиркорликни рағбатлантиришга хизмат қилади.

Савдо қилмоқчи бўлган корхоналар учун катта ёрдам ва қўллаб-қувватлаш мавжуд, мен барчани ушбу имкониятдан фойдаланишга чақираман.

— Ўзбекистон қайта тикланадиган энергия манбалари асосидаги электр станцияларини қуриш учун инвесторларни жалб этиш, «яшил» иқтисодиётни ривожлантиришги устувор аҳамият қаратмоқда. Буюк Британия «яшил» иқтисодиёт ва энергетика лойиҳаларига сармоя киритадими?

— Буюк Британия аввалгидек «яшил» ва барқарор ривожланишга эришиш учун «яшил» молиялаштириш ташаббуслари ва саъй-ҳаракатларини илгари суришда Ўзбекистон ҳукуматини қўллаб-қувватлашга содиқ.

Хусусан, мамлакатнинг энергетика соҳасига қизиқишимиз ва жалб этилганимиз туфайли яқинда Буюк Британия ҳукуматининг Экспортни молиялаштириш агентлиги (UKEF) вакиллари Ўзбекистонга ташриф буюриб, Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов билан музокаралар ўтказди.

Буюк Британия ҳар доим тоза энергия манбалари бўйича конструктив мулоқотларда иштирок этишга тайёр. Ва мен келажакда қайси нуқталарда ҳамкорлик қилишимиз мумкинлигини кўриш имкониятини сабрсизлик билан кутаман.

— Тез орада ЎБССКнинг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтади. Бу йилги тадбирдан қандай натижалар кутяпсиз?

— ЎБССК алоқаларни ўрнатиш, ҳамкорлик қилиш ва ўзаро савдони мустаҳкамлаш учун Ўзбекистон ва Буюк Британия ҳукумати ҳамда бизнес вакилларини бирлаштиришда муҳим роль ўйнайди.

Жорий йилнинг 27−30 ноябрь кунлари Лондонда Ўзбекистоннинг молиявий ва профессионал хизматлари, сармоявий ва савдо салоҳияти, молиявий технологиялари ва IT имкониятларига бағишланган махсус сессиялар, кейин эса бизнес-форум бўлиб ўтади.

Кўринишидан бу тадбир мамлакатларимиздаги ҳамфикр бизнес вакилларининг бу йилги энг йирик учрашувларидан бири бўлади. Ўзбекистондан томонидан берилган кучли таклифни инобатга олган ҳолда бу узоқ йиллар давомида янги ва фаровон муносабатларни мустаҳкамлайдиган катта воқеа бўлишига ишонаман.

Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёни жадал суръатлар билан давом этаётганидан ғоят мамнунман. Бу кенг кўламли ислоҳотлар билан бир қаторда, Ўзбекистоннинг келажакдаги салоҳиятини очишда асосий омил бўлади.

Кенан Полео 2021 йил сентябрида Буюк Британиянинг Шарқий Европа ва Марказий Осиё бўйича савдо комиссари этиб тайинланган. Бунгача Полео Буюк Британиянинг Европа бўйича савдо комиссари ўринбосари бўлган. Йиллар давомида у Innovate UK`нинг глобал бўлими раҳбари, шунингдек, Британия фан ва инновациялар тармоғининг минтақавий директори лавозимларида ишлаган. У Британия ҳукуматида турли юқори лавозимларда, жумладан, Европа Иттифоқининг энергия ва атроф-муҳит қонунчилиги бўйича директори ўринбосари ва Буюк Британиянинг ишлаб чиқариш стратегияси бўйича директори ўринбосари лавозимларида ишлаган.