9 ноябрь куни Тошкентда «Болалар ва ёшлар ҳаракатда — Марказий Осиёда иқлим ўзгариши» халқаро форуми бўлиб ўтди, дея хабар берди ЮНИСЕФ матбуот хизмати «Газета.uz»га. Форум Бутунжаҳон болаларни ҳимоя қилиш куни ва БМТнинг иқлим ўзгариши бўйича 2023 йилги конференцияга (COP 28) бағишланди.

Тадбирда иқлим ўзгаришининг салбий оқибатларига қарши курашишда, шу жумладан экологик таълимни тарғиб қилишда болалар ва ёшларнинг ролини юксалтиришга асосий эътибор қаратилди.

Форумда иқтисодий ҳамкорлик ташкилотига аъзо мамлакатларнинг биринчи хонимлари — Ўзбекистон президентининг рафиқаси ва Zamin халқаро жамоат фонди васийлик кенгаши раиси Зироат Мирзиёева, Туркиянинг биринчи хоними Эмине Эрдоған, Қирғизистондан Айгул Жапарова ва Эрондан Жамиле Аъламулхудо, шунингдек, Ўзбекистон ҳукумати, ЮНИСЕФ, БМТ агентликлари раҳбарлари ва ёшлар иштирок этди.

Тадбирда болалар ва ёшлар юқори мартабали иштирокчилар билан мулоқот қилиш имконига эга бўлишди.

«Улар ҳукумат ва жамиятга иқлим ўзгариши билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилиш бўйича аниқ ҳаракатларни бошлашни сўраб мурожаат қилишди. Ушбу мурожаат доирасида ҳозирги экологик вазиятни ўзгартириш бўйича ўзларининг инновацион таклифларини тақдим этишди», дейилади хабарда.

Форум очилишида Зироат Мирзиёева ёш эко-фаолларга мурожаат қилиб: «Форумнинг бош иштирокчилари — сизлар. Бугун бу ерга сизларнинг тоза, соғлом ва барқарор муҳит учун курашдаги етакчилигингизни эътироф этиш мақсадида йиғилдик. Қўшниларимиз билан биргаликда Самарқанд экологик оромгоҳи якунлари бўйича ишлаб чиқилган Барқарор ривожланиш маданиятини илгари суриш ҳамда ёшлар ва болаларни иқлим кун тартибига жалб қилиш бўйича минтақавий стратегиянинг имзоланиши янги келажак сари ташланган муҳим қадам бўлади», дея таъкидлади.

Тадбирда Барқарор ривожланиш маданиятини илгари суриш ҳамда ёшлар ва болаларни иқлим кун тартибига жалб қилиш бўйича минтақавий стратегияси имзоланди.

Ҳужжатда экологик таълим бўйича тавсиялар мавжуд, жумладан:

  • Узлуксиз таълим жараёнида эко-скаут (экологик волонтёрлик) концепциясини жорий этиш;
  • Олий ўқув юртларига қабул қилиш ва ишга жойлашишда волонтёрлик фаолиятига эътибор бериш ҳамда ҳисобга олиш орқали эковолонтёризмни оммалаштириш ва рағбатлантириш;
  • Экологик мазмунга эга мультфильм саноатини ривожлантириш;
  • Мактаб ёшидаги болалар ва ёшларни ушбу соҳадаги сиёсатни ишлаб чиқиш ва амалга оширишга ҳисса қўшиш имкониятини бериш учун иқлим ўзгариши билан боғлиқ ҳукумат ва давлат идоралари ишларига жалб қилиш;
  • Экология соҳасида ёшлар стартапларини қўллаб-қувватлаш учун давлатлар томонидан грант дастурлари ва субсидиялар яратиш;
  • Мактаб/мактабгача таълим муассасалари бинолари ва уларга тегишли ҳудудларда қуриш ҳамда реконструкция қилишда яшил ечимларни тарғиб қилиш. Бунда яшил майдонлар яратиш ва уларга ғамхўрлик қилиш каби тадбирлар яшил ечимларни намойиш қилиш.

«Экологик таълим бўлажак авлодларга шунчаки норозиликлар вакиллари эмас, балки ўзгаришлар драйверига айланишлари учун зарур билим ва кўникмалани беради. Бўлғуси авлодлар сайёра билан уйғунликда ҳаёт кечиришнинг янги ва яхшироқ усулларини орзу қиладиган дадил ҳукумат етакчилари, олим ва новаторлар бўлиб етишишларини истаймиз. Улар саноат корпорацияларида экологик тафаккур овозлари бўлсинлар. „Яшил“ ва экологик барқарор маҳсулоту хизматларни тақдим этган ҳолда ўз бизнесларига асос солсинлар», — деди БМТнинг атроф-муҳит дастури (ЮНЕП) ижрочи директори Ингер Андерсен.

Форумда турли даражадаги — глобал, минтақавий ва миллий экологик муаммоларнинг олдини олиш бўйича ҳаракатлар муҳокама қилинди.

«Иқлим ўзгариши ва экологик таълим масалаларининг мактаб дастурларига киритилиши болалар ва ёшларнинг ўзгариб бораётган иқлимга мослашиш кўникмаларидан хабардорлигини оширишда муҳим қадамдир», — дея таъкидлади ЮНИСEФнинг Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари бўйича минтақавий директори Регина Де Доминицис.

Форум иштирокчилари экотаълим мавзусини муҳокама қилар эканлар, ўқув жараёнида янги ахборот технологияларидан фойдаланиш муҳим эканини қайд этдилар. Марказий Осиё экофаоллари иқлим ўзгаришига қарши кураш бўйича сиёсат ва дастурларни ишлаб чиқишда, кўрилаётган чораларни мониторинг қилиш ва уларнинг боришини баҳолашда болаларнинг ҳам иштирок этиш ҳуқуқи борлигини алоҳида таъкидладилар.