2023 йил якунига қадар Ўзбекистонда 127 минг 500 та оила камбағалликдан чиқариш режалаштирилган. Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Фахриддин Ҳайитов маълум қилди.

Қайд этилишича, вазирлик томонидан 1 миллион 200 минг камбағал оилалар рўйхати шакллантирилиб, «Онлайн маҳалла» электрон платформасига киритилди.

Шунингдек, ҳоким ёрдамчилари томонидан ҳар бир оилани камбағалликдан чиқариш бўйича индивидуал дастурлар ишлаб чиқилиб, «Онлайн маҳалла» платформасига жойлаштирилган.

Бундан ташқари, оилаларни камбағалликдан чиқариш бўйича регламент тасдиқланган. Унга кўра, 2023 йил якунига қадар Ўзбекистонда 127 минг 500 та оила камбағалликдан чиқарилиб, камбағаллик даражасини 12 фоизга тушириш чоралари кўрилмоқда.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев 2023 йил якунига қадар камбағаллик даражасини 14 фоиздан 12 фоизга тушириб, 200 мингга яқин оилани камбағалликдан чиқариш мумкинлигини таъкидлаганди.