2 август куни Шавкат Мирзиёев Тошкент вилоятига ташрифи доирасида ўтказган видеоселектор йиғилишида йил якунига қадар камбағаллик даражасини 14 фоиздан 12 фоизга тушириб, 200 мингга яқин оилани камбағалликдан чиқариш мумкинлигини қайд этди. Бу ҳақда президент матбуот котиби Шерзод Асадов хабар қилди.

Давлат раҳбари бандлик комплекси раҳбарларига вилоят ҳокимлари билан бирга 500 минг аҳолини касаначиликка жалб қилиш чораларини кўришни, «Касаначилар мактаби» ташкил қилиб, унда тадбиркор ва касаначиларга бепул консалтинг хизматлари кўрсатилишини, ўқитиш ва малакасини ошириш йўлга қўйилишини топширди.

Йил якунига қадар 200 минг аҳоли рўйхатини маҳаллабай тасдиқлаб, юқори даромадли касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш топшириғи берилди. Бунда муқобил энергия ускуналарини ўрнатиш, интерьер дизайнери, IT, электрон савдо, электромобилларга хизмат кўрсатиш каби юқори даромадли касбларга ўқитиш кўламини кенгайтириш зарурлиги таъкидланди.

Шунингдек, Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва имтиёзли ресурсларнинг етиб боришини осонлаштириш бўйича чора-тадбирларни эълон қилди. Унга кўра, эндиликда ҳоким ёрдамчилари ўзини ўзи банд қилганларнинг кичик ва ўрта бизнесга ўтишига кўмаклашади.

Бунинг учун Япониянинг Кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш ташкилоти экспертлари ёрдамида Япония тажрибаси асосида ҳудудларда бизнес-инкубатор ва акселераторлар тизими жорий этилади. Бунда, салоҳиятли тадбиркорларга дастлабки айланма маблағлари учун «улушдорлик» капитали берилади.

Бу ишларни молиялаштириш учун Тадбиркорлик жамғармаси фаолияти ҳам тубдан ўзгаради ва унга тадбиркорларга улушдор бўлиб кириш ваколати берилади. Шунингдек, «маҳалладаги еттилик» кафиллиги билан гаровсиз бериладиган оилавий тадбиркорлик кредитлари миқдори ҳозирги 33 миллион сўмдан 100 миллион сўмга оширилади. Ушбу маблағларнинг бир қисмини нақд пул кўринишида беришга рухсат этилади.

Умуман, йиғилишда белгилаб берилган ишларнинг ташкил этилиши орқали йил якунигача

  • 2 миллион аҳоли бандлигини таъминлаш;
  • 55 минг нафар ўзини ўзи банд қилганларни кичик бизнес субъектига айлантириш;
  • 5 мингта кичик корхона ўрта тадбиркорлар тоифасига қўшилиши мумкинлиги қайд этилди.

Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда 2022 йили 1 миллион нафар, 2023 йилнинг биринчи чорагида 210 минг аҳоли камбағалликдан чиқарилганини маълум қилганди.