Бундан 46 йил муқаддам — 1977 йилнинг 6 ноябрь куни Тошкент метрополитенининг «Олмазор»дан «Амир Темур хиёбони»гача бўлган дастлабки 9 та станцияси фойдаланишга топширилган эди. Ўтган давр мобайнида метро станциялари сони 48 тага, метро йўлларининг узунлиги эса салкам 70 километрга етди.

2016 йилдан буён Тошкент метроси ўз тараққиётининг янги бир даврини бошдан кечирмоқда. Сўнгги уч йилдан бери мунтазам янги бекатлар фойдаланишга топширилмоқда, янги ҳаракатланувчи таркиблар олиб келинмоқда. Аммо метро фаолияти ҳар доим ҳам бир текисда кечмаган. Ҳар соҳада бўлганидек, турли даврларда турфа ўзгаришлар кузатилган.

Метро бекатларига янги ном қўйилишини ҳам ана шундай ўзгаришлардан бири дея эътироф этиш мумкин (2023 йил августида ерусти метросининг бирданига 19 та бекатига ном берилиши бу тоифага тушмайди — номи йўқ, фақат рақамланган бекатларга «исм қўйилди», бор «исми» ўзгартирилгани йўқ).

1991 йилдан бери Тошкент метросининг 13 та бекати номи ўзгартирилган, улардан баъзиларининг номи эса бир неча бор алмашган. «Газета.uz» Тошкент метросининг «туғилган куни» муносабати билан айнан шу — номи ўзгарган бекатлар мавзусида тест тайёрлади: Тошкент метроси ҳақидаги билимларингизни синаб кўринг ва сиз метро билимдоними, гид ё оддий йўловчи — билиб олинг.