Қозоғистон Марказий сайлов комиссияси 5 ноябрь куни синов режимида ўтказилган туман ва вилоят аҳамиятига эга шаҳарлар ҳокимлари сайлови натижаларини эълон қилди.

МСКнинг маълум қилишича, овоз бериш 42 туман ва учта вилоят аҳамиятига эга шаҳарда бўлиб ўтган. Уларда сайловчиларнинг 62,79 фоизи иштирок этган.

Сайловлар муқобиллик асосида ўтказилди, деди МСК. Сайлов бюллетенларига 125 нафар номзод киритилди.

«Сайловолди ташвиқоти республика сайлов қонунчилиги талаблари асосида ўтказилди. Овоз бериш куни Қозоғистон Республикасининг 8500 га яқин ишончли вакили, кузатувчи ва ОАВ вакиллари томонидан кузатувлар олиб борилди», — дейилади хабарда.

Аксарият туманларда амалдаги ҳокимлар ва уларнинг ўринбосарлари ғалаба қозонди, деб ёзмоқда Vlast.kz. Нашр ҳисоб-китобларига кўра, 45 нафар ғолибнинг 29 нафари ҳоким, 12 нафари ҳоким ўринбосари лавозимида ишлаган. Иккита туманда тадбиркорлар, яна иккитасида эса туманлар маслиҳатларининг амалдаги раислари ҳоким бўлди.

BES.media аниқлик киритишича, ғолибларнинг аксарияти (37 нафар) ҳукмрон «Аманат» партияси аъзоларидир.

Туман ва вилоят аҳамиятига эга шаҳарлар ҳокимларининг тўғридан-тўғри сайловини ўтказиш ташаббуси аввалроқ Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев томонидан илгари сурилган эди. «Маҳаллий ижро ҳокимияти даражасида қарорлар қабул қилишда фуқароларнинг бевосита иштирокини изчил кенгайтириш муҳим аҳамиятга эга. Икки йилдан ошдики, фуқароларнинг ўзлари қишлоқ, шаҳарча ва қишлоқ округлари ҳокимларини сайламоқда… Энди туман ва вилоят аҳамиятидаги шаҳарлар ҳокимлари сайловини синовдан ўтказишимиз керак», — деган эди у жорий йилнинг сентябрь ойида халққа қилган мурожаатида.