Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги сўнгги бир ой ичида Ўзбекистондаги тўртта суғурта компаниясининг лицензиясини бекор қилди.

12 октябрда ИЛМА 1996 йил январида рўйхатдан ўтган ва устав капитали 20 млрд сўм бўлган Unipolis компаниясининг лицензиясини бекор қилди. Унинг мижозлари орасида «Ўзбекистон темир йўллари», «Ўзбекнефтгаз» тизимидаги корхоналар ва бошқа ташкилотлар бор эди.

Бунгача, 8 август куни «Тошкент» Республика фонд биржаси акциялар нархи бир неча кун ичида икки баравардан ортиқ ошгани сабабли Unipolis қимматли қоғозлари билан савдо ва операцияларни тўхтатган эди.

Бундан ташқари, 2018 йил апрель ойидан бери фаолият юритиб келаётган ҳамда ҳаёт суғуртаси, соғлиқ суғуртаси, саёҳат суғуртаси ва бошқа хизматлар кўрсатувчи Farovon Sug’urta компаниясига нисбатан 30 октябрдан лицензияни бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Суғурта ташкилотининг устав капитали 16 млрд сўмни ташкил этади.

2019 йил апрель ойида рўйхатдан ўтган, устав капитали 46 млрд сўм бўлган Sharq-Sug'urta компанияси ҳам 31 октябрь ҳолатига кўра лицензиясидан маҳрум бўлди. У бахтсиз ҳодисалардан суғурта, автомобиль эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини суғурталаш (ОСГО) ва бошқа хизматларни тақдим этади.

3 ноябрь куни агентлик 1991 йилдан буён фаолият юритиб келаётган, устав капитали 35,2 млрд сўм бўлган, 14 дан ортиқ суғурта турлари бўйича хизматлар кўрсатувчи Asko-Vostok компанияси лицензиясини бекор қилди. Охирги лицензия компанияга 2022 йил 25 февралда, рўйхатга олиш гувоҳномаси эса 2022 йил январида берилган.

Унинг мижозлари орасида «Ўзсаноатқурилишбанк», «Ҳамкорбанк» ва мамлакатимизнинг бошқа молия институтлари, юридик ва жисмоний шахслар бор.

ИЛМА томонидан қайд этилганидек, компаниялар илгари тузилган суғурта шартномалари бўйича ўз мажбуриятларини бажаришлари шарт.

Агентлик аввалроқ пруденциал меъёрларни бузган саккиз суғурта ташкилотига 254,5 млн сўм миқдорида жарима солган эди.