Тошкент Ботаника боғи қандай бўлгани, қандай экани ва қандай бўлиши кераклиги ҳақида кўп ва хўб гапирилди (ва ҳали яна гапирилади ва гапирилиши керак). Бошқа давлатлардаги ботаника боғлари-чи, уларнинг қандай ўзига хос томонлари, қоидалари бор? Шу каби саволларга жавоб топиш мақсадида «Газета.uz» журналисти Гулираъно Мусаева хориждаги ўзбекистонликлар билан суҳбатлашди.

Гёттинген ботаника боғи (Германия)

Наргиза Шамсиева 5 йилдан бери Германияда яшайди, ҳозирда сунъий интеллект ёрдамида малака ошириш курсларини топиб берувчи портал лойиҳаси устида ишламоқда. Германияда 90 га яқин ботаника боғлари бор. У қайси шаҳарга бормасин, ўша ердаги ботаника боғига оилавий боришга ҳаракат қилади, шаҳарларнинг «яшил ўпкалари»да сайр қилишни яхши кўради.

Наргиза Шамсиева.Наргиза Шамсиева.

Германияда ботаника боғлари давлатники, шаҳар маъмуриятиники, университетларники ёки хусусий бўлиши мумкин. Уларда одатда ноёб ва йўқолиб кетиш хавфи остида турган экзотик ўсимликлар парваришланади. Бундан ташқари, ботаника боғлари қушлар, майда сутэмизувчилар, айрим ҳолларда ҳатто ноёб ҳашаротлар учун макон вазифасини ҳам бажаради.

«Шу вақтгача Германия ва Европанинг бошқа мамлакатларидаги саккизта ботаника боғида бўлганман. Ҳаммаси бир-биридан чиройли ва қизиқарли. Улар орасида энг ёққани эса Гёттинген шаҳридаги ботаника боғидир», — дейди Наргиза.

Гёттинген ботаника боғи манзаралари. Фото: Наргиза Шамсиеванинг шахсий архивиданГёттинген ботаника боғи манзаралари. Фото: Наргиза Шамсиеванинг шахсий архивидан

Салкам 300 йиллик тарихга эга мазкур классик ботаника боғининг майдони нисбатан кичик — атиги 4,5 гектар бўлишига қарамай, унда айни вақтда 17 минг хил ўсимлик тури парваришланади (масалан, ёзда борсангиз, 100 ёшлик Бразилия гигант ровочи (Gunnera manicata)нинг баҳайбат баргларини томоша қиласиз) — ушбу кўрсаткич бўйича у Берлин-Далем ботаника боғидан кейин 2-ўринда туради. Ҳозир ушбу боғ Гёттинген дурдонаси дея таърифланиши бежиз эмас.

Наргизанинг айтишича, йўқолиб кетиш хавфи остидаги ноёб ўсимликларнинг барқарор ўсиши учун шароит яратиш жуда муҳим, шу билан бирга — мушкул иш. Шу сабабли улар иссиқхоналарда, керакли ҳароратда сақланади. Қизиғи, боғда ҳозир ишлаб турган иссиқхоналарнинг аксарияти XIX асрга тегишли. Улардаги ҳар бир ўсимлик, ҳар бир дарахт рақамланади ва маълумотлари жамлаб, қайта ишлаб борилади.

Гёттинген ботаника боғи манзаралари. Фото: Наргиза Шамсиеванинг шахсий архивиданГёттинген ботаника боғи манзаралари. Фото: Наргиза Шамсиеванинг шахсий архивидан

Гёттинген ботаника боғида айтарли оламшумул тақиқ йўқ: ўсимликларни юлиш, чиқинди ташлаш ва боғда ит билан сайр қилиш мумкин эмас; ўсимлик ва ҳашаротларнинг алоҳида турларга тегиниш мумкин эмас.

Наргиза ботаника боғларини оддий парклар, истироҳат боғларидан фарқлаш зарур, деб ҳисоблайди. Истироҳат боғлари — бу сайр қилиш, кўнгил ёзиш, ўйин-кулги учун мўлжалланган (хоҳла велосипед ва самокат уч, хоҳла бирор жамоавий ўйин ўйна), табиий ёки экилган ўсимликлар, сув ҳавзаларини ўз ичига олган бир майдон. Ботаника боғларидан фарқли равишда, истироҳат боғларида тадқиқотлар ўтказилмайди, унда йўқолиб кетиш хавфи остида турган ёки Қизил китобга киритилган ўсимликлар бўлмайди.

Гёттинген ботаника боғи манзаралари. Фото: Наргиза Шамсиеванинг шахсий архивиданГёттинген ботаника боғи манзаралари. Фото: Наргиза Шамсиеванинг шахсий архивидан

«Асосий вазифаси маҳаллий ва чет эл ўсимликларини, экотизимларни тартиблаштириш, тўғри шароитда сақлаш, уларни аҳолига таништиришдан иборат бўлган бундай яшил масканлар кўнгилочар паркка айланиб кетишининг олди олиниши керак», — дейди Наргиза Шамсиева.

Унинг фикрича, ботаника боғлари илмий тадқиқот ва жамият ўртасидаги кўприк, ўсимликлар эса алоқа воситасидир. Ботаника боғининг биологик меросни асраш ва уни одамларга ўргатишдаги роли айниқса беқиёс — уларни болаларга табиатни таништирувчи яшил мактаб деса ҳам бўлади.

«Мен учун ботаника боғи табиат бизга инъом этган хилма-хил ўсимлику ҳашаротлардан завқланиш, ҳордиқ чиқариш имконини берадиган сокин жойдир. Аҳолининг биологияга қизиқишини ошириш учун боғда турли семинар ёки экскурсиялар ташкил қилиниши эса мени доим хурсанд қилади», — дейди у.

Катта шаҳарларда яшиллик етишмайдиган бир вақтда айнан ботаника боғлари табиат билан ҳамоҳанг вақт ўтказиш, ҳордиқ чиқариш имкониятини беради. Ботаника боғларини сақлаш, кўпайтириш учун нима қилиш керак, деган саволга эса Наргиза: «Аввало уларнинг илмий ҳамда табиатни асрашда аҳамиятини англаш лозим», дейди.

Бунинг учун таълим муассасалари, тадқиқот марказлари, оммавий ташкилотлар, ҳокимият ва аҳоли бир-бири билан ҳамкорлик қилиши зарур. «Қолаверса, ботаника боғларини молиявий қўллаб-қувватлаш учун ҳукуматдан ташқари, ҳомийлар, фондлар ҳам жалб қилиниши керак», дея қўшимча қилди Наргиза Шамсиева.

Сингапур Ботаника боғи

Сингапурнинг қуруқликдаги майдони тахминан Бекобод туманиникидек, аммо аҳоли сони Жиззах, Навоий, Сирдарё ва Хоразм вилоятларининг жами аҳолисидан ҳам кўпроқ. Ҳар қарич ер, ўрни келса, миллионлаб долларга баҳоланадиган шундай шароитда Сингапур Тошкентдагидан ҳам каттароқ ботаника боғи ташкил этиб қўйгани кишини ҳайратга солади. Аммо бунинг изоҳи ҳам оддий бўлиши мумкин — ҳамма нарса ҳам пул билан ўлчанавермайди.

ботаника боғи, истироҳат боғлари, тошкент ботаника боғи, хориждаги фуқаролар

«Аҳоли зичлиги бўйича дунёда 2-ўринда экани сабаб (ҳар километр квадратга 7800 киши) Сингапурда ердан ўта унумли фойдаланилади. Айни дамда, кўкаламзорлаштиришга ҳам эътибор катта — Сингапурнинг 56 фоизи яшиллик билан қопланган. Ўсимлигу дарахтларнинг бари давлат муҳофазаси ва парваришида, ҳар бирининг ўз ID-рақами бор. Табиатга етказилган зарар аёвсиз жазоланади», — дейди салкам 15 йилдан бери Сингапурда яшайдиган, Toyota Motors Asia Pacific савдо бўлимида ишловчи Жасурбек Турсунов.

Сингапур ботаника боғи манзаралари. Фото: Жасурбек Турсуновнинг шахсий архивиданСингапур ботаника боғи манзаралари. Фото: Жасурбек Турсуновнинг шахсий архивидан

Сингапур Ботаника боғига йил давомида икки-уч марта бориб туриши, сўнгги бор у ерда 2023 йил май ойида оиласи билан бирга айланганини айтган ўзбекистонлик ватандош Сингапурда дарахтзор парклар кўплиги, табиат билан бирга бўлиш учун айнан Ботаникага бориш шарт эмаслигини таъкидлайди. «Шундоқ кўчага чиқсангиз ҳам боғ ичида юргандек бўласиз», — дейди у. Жасурбек Турсунов Ботаника боғига фарзандлари билан пикник қилиш, уларга табиатни қандай асраш кераклигини кўрсатиш, боғдаги жонзотларни томоша қилиш ва шунчаки сайр қилиш учун боришини таъкидлайди.

Сингапур ботаника боғи манзаралари. Фото: Жасурбек Турсуновнинг шахсий архивиданСингапур ботаника боғи манзаралари. Фото: Жасурбек Турсуновнинг шахсий архивидан

1859 йилда ташкил топган Сингапур ботаника боғи майдони дастлаб 32 гектар бўлган, ҳозир эса боғ 82 гектарни эгаллайди. Сингапур Ботаника боғи ЮНЕСКО томонидан рўйхатга олинган дунёдаги учинчи ва Осиёдаги биринчи ботаника боғи ҳисобланади. Боғнинг ўзи яна бир неча, хилма-хил боғларга бўлинган бўлиб, улар орасида Миллий орхидеялар боғи, болалар учун мўлжалланган алоҳида боғ, Ботаника боғи тарихи музейи, кўллар (улардан бири мусиқий тадбирлар ўтказиш учун мўлжалланган бўлиб, Симфоник кўл деб ҳам аталади) ва бошқалар бор. Ҳозир боғда наботот оламининг 10 мингдан ортиқ тури мавжуд.

Сингапур Ботаника боғининг энг машҳур ташриф қоғозларидан бири ҳисобланган Орхидеялар боғида 6 мингдан ортиқ орхидеяни томоша қилиш мумкин. Улар орасида машҳур шахслар, хусусан, давлат арбоблари шарафига махсус етиштирилган ва номланган орхидеялар ҳам бор. Жасурбек Турсунов боғдаги орхидеялар орасида Ўзбекистон президентлари Ислом Каримов ва Шавкат Мирзиёев шарафига номланган гулларни ҳам кўриб хурсанд бўлганини яширмайди.

Сингапур Ботаника боғидаги Ислом Каримов ва Шавкат Мирзиёев орхидеялари. Фото: Жасурбек Турсунов шахсий архивиданСингапур Ботаника боғидаги Ислом Каримов ва Шавкат Мирзиёев орхидеялари. Фото: Жасурбек Турсунов шахсий архивидан

«Сингапурликлар Ботаника боғини севади. Ҳар борганимда боғда туристлардан кўра маҳаллий аҳоли кўплигига гувоҳ бўламан. У ерда оила аъзолари, дўстлари билан ёки ёлғиз ўзи шунчаки сайр қилиб юрган сингапурликларни кўп дуч келасиз. Боғга юқори мартабали давлат арбобларию юлдузларни ҳам меҳмонга олиб келиб туришади, лекин уларнинг келиб-кетиши бировга ноқулайлик келтирмайди. Кўпинча бундай катта меҳмонларнинг келиб-кетганини билмай ҳам қоласиз», — дея боғдаги муҳитни тасвирлайди Жасурбек Турсунов.

Сингапур ботаника боғи манзаралари. Фото: Жасурбек Турсуновнинг шахсий архивиданСингапур ботаника боғи манзаралари. Фото: Жасурбек Турсуновнинг шахсий архивидан

Хоҳлаймизми-йўқми, ташриф буюрувчилар сони жуда катта бўлгач (Сингапур Ботаника боғига йилига 4,5 млн киши келади), уларнинг барини кузатиб, назорат қилиб бўлмайди, кимдир чиқинди ташлаши, ўсимликларга зарар етказиши мумкин. Сингапур Ботаника боғида бундай ҳоллар қатъий жазоланади. Масалан, биргина баргни қасддан узиш жаримаси 3500 АҚШ долларигача етиши мумкин. Боғда олов ёқиш, тамаки чекиш, ёввойи ҳайвонларни овқатлантириш, велосипед ва бошқа транспорт воситаларидан фойдаланиш, чиқинди ташлаш каби қоидабузарликлар учун ҳам катта жарималар белгиланган.

Сеул Ботаника боғи (Жанубий Корея)

Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциациясининг Жанубий Кореядаги вакили, икки йилдан бери Сеулда яшаб келаётган Елена Чуянованинг таъкидлашича, шаҳарда боғлар шу қадар кўпки, ҳали уларнинг ярмини ҳам кўришга улгургани йўқ. Сеулда нафақат қуюқ дарахтзор парклар ва хиёбонлар кўп, балки ҳар бир маҳалланинг ҳам ўз боғчалари бор.

Елена ЧуяноваЕлена Чуянова

«Масалан, икки ойлик фарзандим билан ҳар куни уйимиз олдидаги паркда сайр қиламиз. Корея халқи учун дарахтлар, яшиллик жуда муҳим. Урушлар тугагач, корейслар ўзи моддий қийинчиликлар ичида бўлишига қарамай, тоғларга чиқиб, ёппасига минглаб дарахтлар экани бу миллат табиатни, дарахтларни қанчалик қадрлашига зўр бир мисол бўлса керак», — қайд этади Елена.

«Кўчалардаги дарахтларнинг парвариш қилинишини кўриб, баъзида дўстларим билан: „Ўзбекистонда хаста одам ҳам бунчалик парвариш қилинмаса керак“, деб ҳазиллашамиз. Масалан, ҳар бир дарахтга вақти-вақти билан осма кўринишида витамин берилади», — дейди у. Еленанинг сўзларига кўра, корейслар «дарахтларнинг ҳам қалби бўлади» деб ҳисоблайди, шу боис қишда «қалби» совқотмаслиги учун дарахтларни мато билан ўраб қўйиш анъанаси бор.

Фото: botanicpark.seoul.go.krФото: botanicpark.seoul.go.kr

2007 йили Сеулнинг Кансо (Gangseo) ку (тумани)да фаолияти ҳукумат томонидан молиялаштириладиган ботаника боғи очилган. У очиқ (ҳали ёш ва унча қуюқ бўлмаган) ўрмон, кўл боғи, ботқоқ боғи ва тематик боғ каби қисмларга бўлинган, ҳудудида маданият маркази ва кутубхона ҳам бор. Боғдаги юқоридан қараганда очилган гулни эслатувчи улкан иссиқхонада тропик ва Ўртаер денгизи иқлимига хос ўсимликлар сақланади. У 12 та минтақавий қисмга ажратилган бўлиб, улар орасида Ўзбекистонга бағишланган бурчак ҳам бор.

Фото: botanicpark.seoul.go.krФото: botanicpark.seoul.go.kr

Ушбу ботаника боғида турли таълим дастурлари ҳам амалга оширилади. Умуман, боғга кириши билан киши ундаги илмий муҳитни ҳис қилади. Боғда тадқиқотчи олимлар йўқолиб бораётган ўсимликларни сақлаб қолиш, янги турларни кўпайтириш устида ишлайди. Ҳозир бу ерда 4600 дан зиёд ўсимлик тури парвариш қилинмоқда, боғ маъмурияти эса турлар сонини 8 мингтагача кўпайтириш ниятида.

Фото: botanicpark.seoul.go.krФото: botanicpark.seoul.go.kr

Сеул Ботаника боғи болалар учун вақтни мазмунли ўтказиш бўйича алоҳида дастурлар таклиф қилади. Аксарияти бепул бўлган бу каби дастурларда болалар дам олиш кунлари ота-оналари билан биргаликда кўчат ўтқазиш, ўсимликларни парвариш қилиш каби кўникмаларни ўзлаштиради. «Бундай машғулотлар болаларнинг нафақат боғ ва дарахтзорларга, умуман бутун экологияга бўлган муносабатига таъсир қилади», — дейди Елена.

«Жанубий Кореянинг майдони Ўзбекистонникидан кичик, аҳолиси эса бизникидан кўпроқ. Шунга қарамай, у ерда аҳолига турар жой қуриш мақсадида боғ ва парклар йўқ қилиб ташланмайди», — дея таъкидлайди Елена.

Фото: botanicpark.seoul.go.krФото: botanicpark.seoul.go.kr

Унинг қўшимча қилишича, «ботаника боғлари ҳар қадамида яшиллик уфуриб турадиган, илмий изланишлар қилинадиган, шаҳар марказида ёввойи табиатни ўрганиш имкониятини берадиган жой бўлиши, илмий маскан бўлгани учун ҳам тижоратга йўналтирилмаслиги керак».