Сурхондарё вилояти Шеробод туманидаги 4 та археология ёдгорлигига 7 млрд сўмлик зарар етказилгани аниқланди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар қилди.

Хусусан, милоддан аввалги V-I асрларга оид «Таллаган тепа» ёдгорлигининг 40 м² қисми кесиб олинган. Автомобиль йўли ўтказилиши оқибатида 888 млн сўмлик зарар етказилган.

V-VIII асрларга оид «Ғўринтепа» ёдгорлигининг 200 м² қисми бузилиб кетган, уй-жойлар қуриб юборилиши оқибатида 4,7 млрд сўмлик зарар кўрилган.

I-IV асрларга оид «Хушвақтепа» ёдгорлигининг эса 12 м² қисми кесиб олинган, ҳожатхона қурилганлиги оқибатида ёдгорлик 266 млн сўмлик зарар кўрган.

V-VII асрларга оид «Тоштепа» ёдгорлигининг 56 м² тупроқлари кесиб олиниб, молхона қурилгани оқибатида 1,2 млрд сўмлик зарар аниқланган.

Телеграмдан фойдаланасизми? Муҳим янгиликларни ўтказиб юбормаслик учун каналимизга аъзо бўлинг.

Ҳолатлар юзасидан туман ҳокимлиги мансабдор шахслари ва бошқаларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Дастлабки тергов ҳаракатлари кетмоқда, дейилади хабарда.