АҚШ Савдо вазирлиги Россия ҳарбий саноати билан алоқадор 13 та компанияга нисбатан экспорт чекловларини жорий қилди. Улар орасида Ўзбекистондан ҳам битта компания бор.

Саноат ва хавфсизлик бюроси маълумотларига кўра, компаниялар Россия армияси учун учувчисиз учиш аппаратларини сотиб олиш ва яратиш каби «миллий хавфсизлик ва АҚШ ташқи сиёсати манфаатларига зид» фаолият билан шуғулланган. Улар экспорт назорати (Entity List)нинг махсус рўйхатига киритилган.

Mvizion ҳақида

Бошқа компаниялар қаторида Тошкентдаги Mvizion компанияси ҳам чекловларга дучор бўлган. Корхоналар ва ташкилотларнинг ягона давлат регистри маълумотларига кўра, у 2022 йил июнь ойида ташкил этилган бўлиб, «электрон ва телекоммуникацион ускуналар ва уларнинг эҳтиёт қисмлари улгуржи савдоси» билан шуғулланади.

1 миллион сўм устав капиталига эга компаниянинг ягона таъсисчиси сифатида Игорь Иевлев (Igor Ievlev) кўрсатилган. У, шунингдек, компания раҳбари сифатида қайд этилган.

Telegram`даги «Пик Скартариса» канали суриштирувларни эълон қилиб борувчи Important Stories сайтидаги маълумотга эътибор қаратди. Мақолада Mvizion ҳақида ҳам сўз борган.

«ID Solutions компанияси Игор Иевлевга тегишли. Ўзининг LinkedIn саҳифасида Иевлев 20 йил давомида бир нечта муваффақиятли IT лойиҳаларини яратган ва ишга туширганини таъкидлайди… Унинг Ўзбекистон пойтахти Тошкентдаги Mvizion компаниясига ҳам алоқаси бор. Божхона маълумотлар базасига кўра, Mvizion Россиянинг ID Solutions компаниясига уруш бошланганидан кейин 1,8 млн доллар қийматидаги маҳсулотлар, жумладан, Американинг Hitech Global ва Nvidia компаниялари товарларини етказиб берган. Урушдан олдин ID Solutions ва Hitech Global тўғридан-тўғри савдо қиларди. Россиянинг ID Solutions компанияси ва Ўзбекистондаги Mvizion компаниясининг эгаси бир шахс — Игорь Иевлев», — дейилади мақолада.

Қарор амалда экспорт назорати остида бўлган Америка товарлари ва технологияларини етказиб беришни тақиқлашни англатади. Чекловлар АҚШ технологиясидан фойдаланган ҳолда бошқа мамлакатларда ишлаб чиқарилган маҳсулотларга ҳам таъсир қилади.

Апрель ойида АҚШ Алишер Усмоновнинг USM холдинги ва унга алоқадор компанияларга қарши санкциялар киритганди. Улар орасида «Оҳангаронцемент», Ucell улушига эга бўлган Digital Invest ва Ўзбекистондаги маркалаш тизимининг оператори ва бошқалар бор. Шунингдек, Ўзбекистон фуқаролари ҳам санкциялар остида қолган.

Аввалроқ АҚШ Ўзбекистонда туғилган икки россиялик шахс — миллиардер Искандар Махмудов ва тадбиркор Андрей Хохлунни санкциялар рўйхатига киритгани ҳақида ёзгандик.