Ғазо сектори болалар қабристонига айланди, шу кунгача Фаластин анклавида ҳалок бўлган вояга етмаганлар сони 3,4 мингдан ошди. Бу ҳақда Женевада бўлиб ўтган брифингда БМТ Болалар жамғармасининг (UNICEF) расмий вакили Жеймс Элдер маълум қилди, дея хабар бермоқда ТАСС.

«Ғазо болалар қабристонига айланди», — деди у. Элдернинг айтишича, Ғазо ССВнинг сўнгги маълумотларига кўра, анклавда 3450 дан ортиқ бола ҳалок бўлган. У Исроил ҳукуматини зудлик билан ўт очишни тўхтатишга ва инсонпарварлик ёрдамининг узлуксиз келиши учун барча ўтиш пунктларини очишга чақирганини такрорлади. «Агарда 72 соат давомида ўт очишни тўхтата олганимизда эди, бу 1000 нафар болани яна хавфсиз ҳолатга келтириш имконини берарди», — деди UNICEF вакили.

Элдернинг таъкидлашича, болалар ҳаётига таҳдид «бомба ва миномётлар билан чекланмайди». Сувсизланишдан чақалоқлар ўлими анклавда «ўсиб бораётган таҳдид» бўлиб, Ғазода сув ишлаб чиқариш унга бўлган талабнинг 5 фоизини ташкил қилади. Бунинг сабаби шундаки, кўпчилик тузсизлантириш қурилмалари шикастлангани ёки ёқилғи етишмаслиги сабабли ишламаяпти.

Аввалроқ Al Jazeera телеканали анклав Соғлиқни сақлаш вазирлигига таяниб, Ғазо секторида Яқин Шарқда можаро авж олганидан буён ҳалок бўлганлар сони 8525 нафарга етганини маълум қилганди.