Ўзбекистон Иқтисодиёт ва молия вазирлиги 2024−2026 йилларга мўлжалланган бюджет хабарида макро-фискал таваккалчиликлар таҳлили тақдим этди.

Макроиқтисодий шоклар асосий иқтисодий ва бюджет параметрларининг прогноз кўрсаткичларига салбий таъсир кўрсатиб, давлат қарзи ва бюджет тақчиллигининг прогноз кўрсаткичлари ошишига олиб келиши мумкин. Шунинг учун Ҳукумат томонидан ташқи қарз жалб қилишни эҳтиёткорлик билан бошқариш, айниқса, капитал лойиҳалар истиқболлигини кучайтириш зарурлиги қайд этилган.

Шунингдек, бюджет жараёни иштирокчилари учун бюджет маблағларини шакллантириш ва сарфлашда молиявий ресурслардаги йўқотишларни (фискал рисклар), давлат корхоналари ва давлат-хусусий шериклиги томонидан юзага келиши мумкин бўлган хатарларни баҳолашни кучайтириш лозим.

Ташқи хатарлар

  • Жаҳон иқтисодиёти ўсиш суръатларининг секинлашиши. Халқаро валюта жамғармасининг 2023 йил октябрь ойидаги ҳисоботида жаҳон иқтисодиёти ўсиши 2023 йилда 2022 йилдаги 3,5 фоиздан 3,0 фоизга пасайтирилган.
  • Асосий савдо ҳамкор давлатларда валюта курсининг қадрсизланиши сабабли пул ўтказмаларининг қисқариши, экспорт тушуми камайиши, импорт нархларининг салбий ўзгариши;
  • Хорижий марказий банклар фоиз ставкаларининг оширилиши натижасида халқаро молия бозорларида Ўзбекистон иқтисодиётига инвестициялар жалб қилинишининг қийинлашиши;
  • Табиий офатлар ва экстремал об-ҳаво ҳолатларининг ошиши;
  • Геоиқтисодий қарама-қаршиликлар вужудга келиши;
  • Экологик зарар ҳодисаларининг кузатилиши;
  • Табиий ресурслар инқирозининг ошиши;
  • Жаҳон бозорларида қимматбаҳо металлар нархидаги ўзгаришлар беқарорлиги ҳолатлари кузатилиши.

Ички омиллар

  • Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари харажатларининг ялпи ички маҳсулотга нисбатан кескин ўсиши, жумладан, бюджетга қўшимча доимий харажат мажбуриятларининг юкланиши;
  • давлат томонидан тарифларнинг арзон нархларда ушлаб турилиши натижасида иқтисодиёт тармоқлари, жумладан, энергетика, газ саноати, кўмир, коммунал соҳа, жамоат транспорти корхоналарининг молиявий аҳволининг ёмонлашуви ушбу корхоналарни бюджет ҳисобидан қўллаб-қувватланишининг ошиши;
  • давлат кафолати остида жалб қилинган кредитлар ҳисобига амалга оширилган йирик ишлаб чиқариш лойиҳаларининг ўз муддатида ва лойиҳа қувватида ишга туширилмаслиги ва бошқа омиллар оқибатида хорижий кредитларнинг бюджет ҳисобидан қоплаб бериш хавфининг мавжудлиги;
  • бюджет қонуни билан йил бошида тасдиқланган бюджет тақчиллиги ҳажмининг молия йили давомида қўшимча харажатлар келиб чиқиши сабабли ошиши;
  • Пенсия жамғармасининг даромадлари ва харажатлари ўртасида номутаносибликнинг ошиши натижасида республика бюджетидан ажратиладиган трансфертларнинг ошиши ва бошқалар.

Давом этаётган геосиёсий вазиятнинг салбий таъсирлари

Глобал трендлар ва ташқи омиллар ўрта муддатли даврда давлат бюджетига таъсир этиши мумкин. Геосиёсий зиддиятлар кучаяётгани шароитида товар бозоридаги нархлар ўсиши ва тақчиллигига олиб келиб, бунинг натижасида мамлакатда инфляция босими кучайиши мумкин.

Глобал миқёсда озиқ-овқат нархларининг кескин ўсиши аҳолининг заиф қатламларига салбий таъсир қилиб, уларни озиқ-овқат нархларининг юқорилигидан ҳимоя қилиш заруриятини келтириб чиқаради, бу, ўз навбатида, бюджетнинг ижтимоий харажатлари ошишига олиб келади.

Бундан ташқари, инфляцион босим остида иш ҳақи ва пенсия тўловларининг қўшимча индексацияси амалга оширилиши, миллий валютанинг асосий жаҳон валюталарига нисбатан қадрсизланиши, меҳнат мигрантларининг оммавий мамлакатга қайтиши ва Ўзбекистонда доимий даромад манбаига эга бўлолмаслиги оқибатида Давлат бюджетидан нафақа олувчи оилалар сонининг ортиши каби омилларнинг таъсирида бюджет харажатларининг ошиши кутилади.

Халқаро ташкилотлар томонидан тақдим этиладиган қарз (кредит) маблағлари бўйича фоиз ставкасининг ўсиши ташқи қарз маблағларини жалб қилиш жозибадорлигини пасайтиради.

Ушбу глобал тренд ва ташқи омиллар натижасида Ўзбекистон Давлат бюджети прогнозларида кузатилиши мумкин бўлган рискларни қуйидагича тасвирлаш мумкин:

  • иш ҳақи миқдорининг қўшимча равишда 1 фоизга оширилиши йилига 1,3 трлн сўм атрофида, пенсия миқдорининг 1 фоизга оширилиши эса 600 млрд сўм миқдорида қўшимча харажатлар талаб этади;
  • сўм алмашинув курсининг 100 сўмга қадрсизланиши йиллик Давлат бюджети харажатларининг 400 млрд сўмга ошишига олиб келади;
  • олтин нархининг прогнозда кўзда тутилган 1 унция учун 1 800 АҚШ доллар нархидан 100 АҚШ долларига пасайиши 4,5 трлн сўм бюджет даромадлари камайишига;
  • Мис нархининг прогнозда кўзда тутилган 1 тоннаси учун 7 800 АҚШ доллар нархидан 500 АҚШ долларига пасайиши 940 млрд сўм бюджет даромадлари камайишига;
  • энергия ресурслари тарифларининг оширилмай қолиши 1,5 трлн сўм бюджет даромадлари камайишига олиб келиши мумкин.