Туркия президенти Режеп Таййип Эрдоған барча туркий давлатлар учун ягона алифбо яратиш ташаббуси билан чиқди. Бу ҳақда у 3 ноябрь куни Остона шаҳрида бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ) саммитидаги нутқи давомида маълум қилди, деб ёзади Tengrinews.kz.

«Биз тилимиз, маданиятимиз ва тарихимиз асосидаги инсоний муносабатларимизни мустаҳкамлаш учун олий таълим соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасидаги саъй-ҳаракатларимизни давом эттирмоқдамиз. Албатта, бирлигимизни мустаҳкамлашда тил жуда муҳим. Ягона алифбо ҳам муҳим таркибий қисм бўлиб, бу ерда президентларнинг қўллаб-қувватлаши муҳим. [Туркия] Олий таълим кенгаши ташкилотимиз котибиятига киритган таклиф, ишончим комилки, ташкилотимиз томонидан кўриб чиқилади», — деди Эрдоған (Tengrinews.kz`дан иқтибос).

Бу ТДТ саммити доирасида туркий давлатларнинг умумий алифбога ўтиши ҳақидаги биринчи муҳокама эмас. Аввалроқ 2022 йилда ТДТ қошида ягона алифбо яратиш бўйича Комиссия тузишга қарор қилинганди.

Туркий давлатлар ташкилотига Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия ва Ўзбекистон киради. Венгрия ва Туркманистон кузатувчи давлатлардир.