2 ноябрь куни маҳаллий вақт билан соат 17:30да янги Air Samarkand маҳаллий авиакомпаниясининг биринчи самолёти Самарқанд халқаро аэропортига келиб қўнди, дея хабар бермоқда Uzbekistan Airports матбуот хизмати.

Бортида 277 та эконом ва 36 та бизнес-класс ўриндиқларига эга Airbus А330−300 самолёти анъанавий тарзда сув аркаси билан кутиб олинган.

Компания ўз авиапаркини кенгайтириш ниятида, хусусан, яқин кунларда самолётлар парки иккинчи — ўрта масофали Airbus А321 билан тўлдирилади. 2023 йил охирига қадар компания 5 тагача самолётни қабул қилиб, фойдаланишга топширишни режалаштирмоқда.

Куз-қиш мавсумида авиаташувчи Самарқанддан қатор хорижий йўналишларга, жумладан, Жануби-Шарқий Осиё, Яқин Шарқ, Туркия ва Хитой шаҳарларига мунтазам ва чартер рейсларини йўлга қўйишни режалаштирмоқда.

Маълумот учун, Air Samarkand 2022 йилда ташкил этилган Ўзбекистон авиакомпанияси бўлиб, бош офиси Самарқанд шаҳрида жойлашган.