Тошкент шаҳридаги жамоат транспортлари йўловчилари 1 ноябрдан бошлаб йўлкирани нақд пулда 2000 сўм, тўлов картаси орқали эса 1700 сўмдан тўламоқда. АОКАда Транспорт вазирлиги, «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ раҳбарияти билан биргаликда янги мослашувчан тарифлар ҳақида тушунтириш бериш учун матбуот анжумани ўтказилди, дея хабар бермоқда «Газета.uz» журналисти.

Келтирилишича, янги мослашувчан тарифлар жорий этилгунча йўловчиларнинг 60−65 фоизи йўлкирани электрон тарзда тўлаётганди. Ҳозирда тўлов карталарига талаб ортган.

«Йўл ҳақи ошиб, мослашувчан тарифлар жорий қилингач, транспорт карталарга талаб ошган. Кунлик кузатувларга қаралса, транспорт картаси сотуви 200 фоизгача кўтарилди. Шуни инобатга олиб, яқин 1−2 ой ичида жамоат транспортидан доимий фойдаланадиган йўловчилар йўлкирани 70−80 фоизгача электрон карта орқали тўлаши кутилмоқда», — дея таъкидлади «Тошшаҳартрансхизмат» ташкилоти молия бўлими бошлиғи Ирода Исмоилова.

atto, транспорт карталари

Чапдан иккинчи: «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ Молия бўлими бошлиғи Ирода Исмоилова/ Фото: «Тошшаҳартрансхизмат»АЖ

Ҳозирда жамоат транспортида транспорт карталари учун 1 соатлик алмашиш тарифлари қуйидагича:

atto, транспорт карталари

Бундан ташқари, 1 соатлик алмашиш тарифлари ҳозирда фақат ATTO транспорт карталарига амал қилади. Банк карталаридан тўлов қилинганда, ушбу тарифлардан фойдаланиб бўлмайди. ATTO раҳбари Даврон Шоякубов бунга қуйидагича изоҳ берди:

«АТТО тўлов тизимида яшовчи тўлов карталарининг ҳаммаси тизим томонидан бошқарилади. Ундаги пулларни қўшиш ёки айириш функциясини бажариш мумкин. Банк картасидан тўлов қилганлар бўйича маълумотларни эса тизим сақлаб қолмайди. Уларни назорат қилиш имкони мавжуд эмас. Алмашинув тарифи фақат АТТО картасида амал қилади, сабаби у умумий бир инфратузилмада жойлашган», дея изоҳ берди у.

Транспорт вазирлиги ҳузуридаги «Транспорт тизимини комплекс ривожлантириш» лойиҳа офиси раҳбари Мурод Абидовнинг айтишича, мослашувчан тарифлар орқали аҳолининг мобиллигини айнан жамоат транспортига йўналтиришга ҳаракат қилинмоқда.

«Биз олдин тарифлар ишга туширилишидан олинадиган натижани кўриб чиқишимиз керак. Бу тарифлар бизга қўшимча катта имкониятлар беряпти. Аҳоли учун қулай инфратузилмани жорий этиш орқали аҳолининг мобиллигини айнан жамоат транспортига йўналтиришга ҳаракат қиляпмиз. Бу бошқа транспортларга тушадиган юкламани камайтиради. Автобусларнинг ишлатилиш самарадорлигини оширишга ёрдам беради. [Жамоат транспортида йўл ҳақини яна ошириш] вазиятдан келиб чиқиб кейинги йили Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан кўриб чиқилади. Бунда аҳоли таклифлари ва асосий ҳисоб-китоблар инобатга олинади», деди у.

Шунингдек, у жамоат транспортида чиптачилардан воз кечилиши мумкинлиги, лекин бу бирданига рўй бермаслигини таъкидлади.

«Йўловчилар тўловининг 80 фоиздан ортиғи электрон тизимга ўтгач, қолаверса, ҳар бир фуқаро тўлов маданиятини ўзлаштирса, параллел равишда ҳужжатларда белгиланган назоратчилар тизими айрим йўналишларга босқичма-босқич киритиб борилади», — дея таъкидлади Мурод Абидов.