Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси ҳамда Сенатнинг прокуратура органлари фаолияти устидан назорат қилувчи комиссияси томонидан Тошкент вилоятида ўтказилган ўрганишлар натижалари танқидий муҳокама қилинди. Бу ҳақда юқори палата матбуот хизмати хабар қилди.

Мажлисда Қўмита ва Комиссия аъзолари, Бош прокуратура, масъул вазирлик, идоралар, оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди. Шунингдек, Тошкент вилоятининг соҳага масъул раҳбарлари видеоконференцалоқа тизими орқали иштирок этди.

Қайд этилишича, ҳар йили янги мактаб, боғча, касалхона, соғломлаштириш масканлари каби объектлар қурилаётган бўлса, мавжудлари замон талабларига мос равишда қайтадан таъмирланмоқда. Ушбу ишларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлашда прокурор назорати ўрни муҳимлиги таъкидланди.

Хусусан, Тошкент вилояти прокуратураси органлари ҳузурида тузилган ҳудудий штаблар томонидан қурилиш ишлари сифати ва ҳажмларининг ҳаққонийлиги ўрганилиб, 150 та объектда сифатсиз бажарилган 10,6 млрд сўмлик ишлар ва 106 та объектдаги 4,8 млрд сўмлик қўшиб ёзиш ҳолатлари аниқланган.

Шунингдек, дастур ижроси бўйича ўтказилган назорат тадбирлари давомида прокуратура органлари томонидан 21,9 млрд сўмлик 19 та жиноят иши қўзғатилиб, 14,4 млрд сўм миқдорида зарар қопланган.

Вилоятдаги ҳар бир объектнинг лойиҳа-смета ҳужжати қайта ўрганилиши натижасида 994 та лойиҳадан 216,8 млрд сўмлик маблағ бюджетдан ортиқча харажат қилинишининг олди олинган. Бундан ташқари, қурилиш ишлари суст олиб борилаётган 35 та объектга 845 нафар маҳаллий ёшлар жалб этилиб, бандлиги таъминланган.

Сенаторлар амалга оширилган ишлар билан бир қаторда вилоятда ижтимоий соҳа ва инфратузилмани ривожлантириш объектлари қурилишида айрим камчиликлар сақланиб қолаётганига эътибор қаратди.

Жумладан, дастурдаги 13 та объект ўтган йилда фойдаланишга топширилиши лозим бўлса-да, ўрганиш кунига қадар ишлар якунланмаган ва фойдаланишга топшириш далолатномалари тўлиқ расмийлаштирилмаган.

Бундан ташқари, дастур доирасида 2023 йилда топширилиши лозим бўлган 101 та объектда қурилиш ишлари режадан орқада қолган бўлса, янгидан қурилиши режалаштирилган 21 та объектда қурилиш ишлари бошланмаган.

Шунингдек, 2023/2024 ўқув йилида фойдаланишга топширилиши керак бўлган 4 та ўрта таълим мактабида ҳамда 7 та мактабгача таълим ташкилотида қурилиш ишлари якунланмаган. Юқори Чирчиқ, Бўстонлиқ, Қибрай, Янгийўл туманларида 2 тадан, Чирчиқ, Нурафшон шаҳарлари ҳамда Бекобод туманида 1 тадан шундай объектлар мавжуд.

Муҳокама якунида Тошкент вилоят ҳокимлиги ҳамда вилоят прокуратураси, шунингдек, Бош прокуратура, масъул вазирлик ва идораларга тегишли таклиф ва тавсияларни қамраб олган Қўмита қарори қабул қилинди.