Шавкат Мирзиёев Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаевнинг таклифига биноан 2−3 ноябрь кунлари Туркий давлатлар ташкилоти давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги йиғилишида иштирок этиш учун амалий ташриф билан Остона шаҳрида бўлади.

Давлат раҳбари матбуот хизматининг хабар қилишича, саммит кун тартибидан ташкилот доирасидаги кўп томонлама ҳамкорликни, энг аввало, савдо-иқтисодиёт, инвестиция, транспорт-коммуникация, экология, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда янада ривожлантириш масалалари ўрин олган.

Делегациялар раҳбарлари халқаро сиёсат ва минтақавий ҳамкорликнинг долзарб масалалари юзасидан ҳам фикр алмашадилар. Тадбирлар якунида қатор қўшма ҳужжатлар қабул қилиниши кўзда тутилган.

Қайд этилишича, ташкилот аъзолари «табиий офатларни бартараф этиш, томонлар ҳудудларида юзага келиши мумкин бўлган офатлар ва фавқулодда вазиятларда шошилинч эҳтиёжларни қондириш учун биргаликдаги салоҳиятни ишлаб чиқиш» бўйича муҳофаза механизмини тасдиқлаш ниятида.

«2023 йилда Туркий давлатлар ташкилотига Ўзбекистон раислик қилмоқда. Кўп қиррали ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга қаратилган 100 дан ортиқ муҳим тадбир ўтказилди», — дейилади хабарда.

Маълумот учун, ташкилотга Ўзбекистон, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Туркия аъзо, Венгрия ва Туркманистон кузатувчилардир.