Россиянинг Fly and See Agro компанияси Ўзбекистонда дрон ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ниятида, деб ёзмоқда Spot «Коммерсант» нашрига таяниб.

Қайд этилишича, «Навоий» махсус иқтисодий зона дирекцияси раҳбари Ҳабиб Абдуллаев ва Fly and See Agro компанияси бош директори Василий Птитсин республикада учувчисиз учиш тизимларини ишлаб чиқариш бўйича инвестиция лойиҳасини амалга ошириш бўйича меморандум имзолаган.

Унга кўра, Навоийда россиялик мутахассислар иштирокида қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун дронлар ишлаб чиқарилиши, шунингдек, ташқи бозорларга (жумладан, Россияга) экспорт қилиниши режалаштирилган.

«Беш йиллик муддатда дастурнинг умумий қиймати 80 млн долларни ташкил этади. Компания Ўзбекистонни Яқин Шарқ бозорларига чиқиш учун трамплин сифатида кўради», — дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Малайзиянинг 3 та — Alphaswift, Meraque ва Aoniс компаниялари Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги, саноат соҳаси ҳамда етказиб беришда фойдаланиш учун дронлар ишлаб чиқариш масалаларини кўриб чиқаётгани хабар қилинганди.