1 ноябрь куни Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев ва Франция президенти Эммануэль Макрон стратегик минераллар бўйича ҳамкорлик тўғрисидаги декларацияни имзолади. Франция раҳбарининг Остонага ташрифи давомида жами олтита келишув имзоланди, дея хабар бермоқда Қозоғистон раҳбари матбуот хизмати.

Токаев учрашувда мамлакатлар ўртасидаги савдо-иқтисодий ва сармоявий алоқаларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётганини, унинг сўзларига кўра, бу «бугунги мураккаб геосиёсий ва геоиқтисодий вазиятда айниқса муҳим» эканини таъкидлади.

«Биз Boehringer Ingelheim, Total Energies, Alstom билан ҳам келишувларга эришдик. Бу келишувлар ҳар икки давлат учун фойдали бўлади», — деди Қозоғистон раҳбари.

Музокараларда президентлар яшил иқтисодиётга ўтиш ва иқлим ўзгариши масалаларини ҳам муҳокама қилди. Токаев, хусусан, Қозоғистон Франциянинг One Planet Summit саммити ташаббуси доирасида ҳамкорлик қилишга тайёрлигини маълум қилди.

Бундан ташқари, томонлар таълим ва фан соҳасидаги лойиҳалар, хусусан, Қозоғистонда француз мактабларини очиш бўйича келишиб олдилар, дейилади хабарда.

«Мамлакатингизнинг ўрни ва географик жойлашуви, унинг ўлчамлари жуда муҳим, шунинг учун биз иқтисодий ҳамкорлигимизни муҳокама қилдик… Бу Франция корхоналарининг савдо ва энергетика соҳасидаги узоқ муддатли ҳамкорлиги… Биз бошқа соҳаларда ҳам корхоналаримизнинг мавжудлигини мустаҳкамлашни истардик. Бизда ҳамкорликнинг тизимли соҳалари мавжуд. Мен аллақачон энергетика соҳасини айтдим, бундан ташқари, бу аэрокосмик саноатдир», — деди Макрон.

Давлатлар томонидан имзоланган ҳужжатлар қаторида қуйидаги келишувлар ҳам бор:

  • Франция агентлиги гуруҳини ташкил этиш тўғрисида;
  • оёқ ва оғиз касаллигига қарши вакцина ишлаб чиқариш ва етказиб бериш бўйича;
  • 1 ГВт қувватга эга шамол электр станцияларини қуриш бўйича;
  • темир йўл локомотивларини ишлаб чиқариш ва уларга техник хизмат кўрсатиш бўйича.

Шу куни Остона шаҳрида Қозоғистон-Франция бизнес-форуми бўлиб ўтди, унда Қозоғистон ва Франция раҳбарлари иштирок этди. Токаев ўз нутқи давомида, хусусан, Қозоғистон Францияга нефть экспортини кўпайтиришга тайёрлигини ва уран етказиб беришда катта имкониятларни кўраётганини билдирди.

Токаев мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорликнинг яна бир устувор йўналиши сифатида қишлоқ-озиқ-овқат соҳасини қайд этди. У глобал озиқ-овқат танқислиги шароитида Қозоғистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортини икки баравар оширишга интилаётганини таъкидлади. Қозоғистон томони чорвачилик ва ўсимликчилик соҳасидаги қўшма лойиҳаларни ҳам қўллаб-қувватлашга тайёр, деди у.

Қозоғистондан сўнг Франция президенти Ўзбекистонга расмий ташриф билан боради. Самарқандда Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёев билан музокаралар бўлиб ўтади