Ташқи ишлар вазири ўринбосари Баҳромжон Аълоев ҳозирги кунда Исроилда 10 минг 500 нафардан зиёд Ўзбекистон фуқароси истиқомат қилиши, бироқ Фаластинда улар борлиги ҳақида ҳозирча маълумот йўқлигини билдирди.

30 октябрь куни ўтказилган Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитасининг мажлисида Ташқи ишлар вазирлигининг 2023 йилнинг биринчи ярмидаги фаолияти тўғрисидаги ахбороти эшитилди.

Унда сенаторлар, шунингдек, Яқин Шарқдаги вазият, у ерда фуқаролар аҳволи ва яратилган шароитлар билан қизиққан. Баҳромжон Аълоевнинг сўзларига кўра, Исроилда 10,5 мингдан зиёд фуқароларнинг аксарияти самарқандликлар бўлиб, уларнинг 95 фоизи кекса ёшдаги шахсларга хизмат кўрсатувчилардир.

ўзбекистонликлар, фаластин-исроил

«Можаро бошланганидан кейин Исроилдаги элчихонамиз фуқароларимиз билан яқиндан алоқада бўлиб туришибди. Исроилда таҳсил олаётган 70 нафар талабаларимиз ватанга қайтарилди. Самарқанд давлат университетидан борган 6 нафар талабамиз қайтишни хоҳламаган. Ҳозир улар билан ҳам ишлар олиб боряпмиз, имкон бўлса уларни ҳам қайтарамиз», — деди ТИВ вакили.

Унинг сўзларига кўра, кекса ёшдагиларга қарайдиган фуқароларнинг аксарияти Ўзбекистонга қайтишни хоҳламаяпти. Вазир ўринбосари бунинг сабаби ҳақида гапираркан, улар ўша ерга ишга кетишдан олдин анча қарзга ботиб кетишгани, баъзилари кредитга уй, машина олгани сабаб, тўлаши кераклигини, умуман, моддий қийинчиликлар туфайли ўша шароитда қолиб ишлашга мажбур бўлишаётганини таъкидлади.

«Фаластин ҳудудида, қанча фуқаромиз бор, борми-йўқми, бизда аниқ маълумот йўқ. Лекин олдинги маълумотларга таяниб айтишим мумкинки, у ерда баъзи бир турмушга чиққан аёлларимиз бўлиши мумкин», — деди.

Ҳозирда дипломатик ваколатхона вакилларининг оила аъзолари ҳам Ўзбекистонга қайтарилган. Элчи билан биргаликда 5 нафар ходим эса Исроилда ўз фаолиятини давом эттирмоқда. Баҳромжон Аълоев Uzbekistan Airways қатновларни камайтирмаган ҳолда ҳафтасига 3 марта рейс амалга ошираётганини қўшимча қилди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ҲАМАСнинг Исроилдаги ҳужумлари натижасида 1990-йилларда у ерга кўчиб кетган беш нафар асли ўзбекистонлик ҳалок бўлгани ҳақида маълумот берилганди. Уларда амалдаги Ўзбекистон паспортлари бўлмаган.

Ўзбекистоннинг Исроилдаги элчихонаси фуқаролардан ракета отишмалари пайтида бошпаналарни тарк этмаслик ва элчихонага консуллик хизматларини олиш учун келишни вақтинча тўхтатиб туришни сўраган.