Тошкент шаҳрида 17 октябрь кунидан бери 6 минг нафардан ортиқ пиёда йўлни белгиланмаган жойдан кесиб ўтгани учун маъмурий жавобгарликка тортилди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи Рафиқжон Жалилов маълум қилди.

«Газета.uz» мухбири хабар беришича, у мазкур рақамларни ЙҲХБ ҳамда Gross компанияси ўртасидаги меморандум имзолаш маросимидаги нутқида давомида очиқлаган.

Рафиқжон Жалиловнинг сўзларига кўра, жорий йилнинг 9 ойи давомида Тошкент шаҳрида пиёдалар билан боғлиқ 539 та йўл-транспорт ҳодисаси содир этилган. Унда 566 нафар пиёда жароҳат олган.

Бундай воқеаларни олдини олиш мақсадида жорий йилнинг 17 октябрь кунидан бошлаб, «Диққат пиёда» профилактик тадбири ўтказилмоқда. Тадбирга 1000 нафардан ортиқ Ишки ишлар ҳодимлари ва жамоатчилик вакиллари жалб этилган.

Тадбир бошидан буён Тошкент шаҳрида йўлнинг белгиланмаган жойидан кесиб ўтган жами 6000 нафардан ортиқ пиёда аниқланиб, уларга нисбатан тегишли тартибда чоралар (жарима — таҳр.) кўрилган.

Шунингдек, ҳайдовчилар томонидан пиёдаларга йўл бермаслик ҳолатлари бўйича Тошкент шаҳрида 57 та қоидабузарлик аниқланиб, тегишли тартибда маъмурий баённомалар тузилган.

Бундан ташқари, пиёдалар билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш мақсадида 2023 йил бошидан бери 34 та тугмачали пиёдалар светофори ўрнатилган.