Тошкент вилояти ҳокимлиги вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Улуғбек Абдуғаниевнинг тиббиёт ходимларига ҳашарга чиқиш бўйича берган топшириғи юзасидан муносабат билдирди.

Ҳокимлик баёнотига кўра, бошқарма бошлиғи бу ўринда тизим ишчи-ходимларини ўзлари меҳнат қилаётган муассаса ободончилиги йўлида ҳашарга чиқишга даъват қилган.

«Бу мажбурий меҳнат эмас. Улуғбек Абдуғаниев изоҳ берганидек, ходимлар ички жамоавий ишларда қатнашиши ҳақидаги меъёр жамоа шартномасида кўрсатилган», — дейилади муносабатда.

Ҳокимлик 18 октябрь куни Тошкент вилояти маҳалла фаоллари, нуронийлар, хотин-қизлар ва ёшлар вакилларининг вилоят аҳлига мурожаати эълон қилинганини келтириб ўтди. Унда, жумладан, «Дарахт экиш ва уни парваришлашни мажбурият эмас, қадрият сифатида қабул қилайлик!» дея таъкидланган.

«Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев шу асосда вилоятда [28−29 октбярь кунлари] умумхалқ ҳашари ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилди ва аҳолига видеомурожаат йўллади. Зойир Мирзаев умумхалқ ҳашарини ўтказишга оид видеочиқишида ижтимоий соҳа ташкилотларининг ишчи-ходимлари ўзи меҳнат қилаётган бино ён-атрофларини ободонлашириш, кўчат экиш ишларида фаол қатнашиши лозимлигини таъкидлаган», — дейилади ҳокимлик хабарида.

ҳашар, тошкент вилояти

«Ижтимоий муассаса раҳбарлари, мактаблар, мактабгача таълим, тиббиёт муассасалари — барча-барчаларингизнинг жамоангизга мурожаат қилмоқчиман. Бугун юқорида номлари келтирилган ташкилотлар ўз ходимларини олиб чиққан ҳолда оғир жойларга ёрдам бериш, ўз ҳисобидан кўчат экиш ва чиқиндилардан тозалашни ташаббус сифатида кўтармоқда. Нима учун бюджет муассасаларида мазкур тадбир амалга оширилмас экан? Биз ўйлаймизки, улар ҳам мазкур ташаббусга қўшилади. Раҳбарлар бош-қош бўлади, ва, албатта, биз кутган натижага эришамиз… Ҳашарга чиқадиган инсонларнинг қўлида нима бўлади? Қанақа меҳнат қуроллари талаб қилинади? Шуни биринчи ўринда ҳисоб-китоб қилайлик», — деган ҳоким мурожаатда.

«Юқоридагилардан келиб чиқиб, бу ҳолатда Улуғбек Абдуғаниев ўзбекона қадриятларга ҳурмат, она табиатга эътибор нуқтаи назаридан ходимларни ҳашарда фаол қатнашишга чақирган. Бу вазиятни мажбурий меҳнат деб талқин қилиш ўринсиз, деб ҳисоблаймиз», — дея таъкидланди ҳокимлик баёнотида.