Тошкент вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Улуғбек Абдуғаниев тиббиёт ходимларига ҳашарга чиқиш бўйича топшириқ берди, дея хабар қилмоқда Kun.uz.

Ижтимоий тармоқларда унинг ҳашарга жалб этиш бўйича 2 та аудиохабари тарқалган.

«Ассалому алайкум, ҳурматли раҳбарлар. Мана, бугунги ҳашар якунланяпти. Расмлардан иборат ҳисоботларга қарайдиган бўлсак, барча тиббиёт муассасаларида аксарият ҳашарда иштирок этган ходимлар ўрта, кичик тиббиёт ходимлари ва бошқа хўжалик бўлимларидаги ходимларимиздан иборатлигини кўриб турибмиз», — дейди у.

Абдуғаниев қўл остидаги раҳбарларнинг ҳар бирига эркак шифокорларни олиб чиқиб, ҳашарда ишларни ташкил қилишни топширган.

«Бу эркак шифокорларга на бир тартиб бор, на бир талаб бор. Билган ишини қилиб юрибди. Шунинг учун атайлаб овозли хабар [юборяпман]. Ўзини эркакман деган ҳар бир шифокорга, керак бўлса, етиб борсин. Ва эрталаб эркак шифокорлар қатнашиши шарт. Қўлингизда рўйхати бўлсин. Кадрни бириктириб қўйинг. Келдими, нима иш қилди, қўлида нима асбоби билан — кетмон, грабель, қайчи, арра ва ҳоказо. Тўлиқ назоратга олинглар», — дейилади аудиохабарда.

Иккинчи хабарномада эса туман, шаҳар ва вилоят тиббиёт муассасалари раҳбарларига мурожаат йўлланган. Улуғбек Абдуғаниев вилоят раҳбарлари ҳудудларда айланиб, ишчи гуруҳлари рейдлар ўтказаётгани, шунинг учун уялтириб қўймаслик кераклигини таъкидлаган.

«Хабарингиз бор, бугун Тошкент вилоятида катта ҳашар эълон қилинган. Бугун-эртага ҳар битта тиббиёт бирлашмаси, муассасаси ўз ҳудудида ходимлари билан ҳашар ташкил қилиб, барглар бўладими, мусор бўладими, ортиқча нарсалардан тозалаб, территориянгизни ободонлаштириш ишларини ташкил қилишни сўрайман… Бугун обеддан кейин бошлаб, иш вақтидан кейин ва эртага эрталаб — умумҳашар», — дейди ССБ бошлиғи.

Kun.uz Улуғбек Абдуғаниев билан боғланиб, ҳолат юзасидан изоҳ олди. Абдуғаниевга кўра, соғлиқни сақлаш ходимларини ҳашарга жалб қилиш мажбурий меҳнат эмас.

«Ҳар бир ҳудудда куз-қишга тайёргарлик, шанбалик, ахлатдан тозалаш, кўчат экиш ва бошқа ишларни амалга оширсин, деб топшириқ берганман. Уни қандай талқин қилишаётганидан эса хабарим йўқ. Йўқ, бу мажбурий меҳнатга кирмайди. Муҳтарам президентимизнинг ўзлари айтдилар. Мактаб, шифохона ҳудудида тозалаш ишларини олиб бориш қандай қилиб мажбурий меҳнатга киради? Ҳеч ким уларга кўчага чиқиб ишла деяётгани йўқ-ку», — дейди Абдуғаниев.

Унинг сўзларига кўра, бу ишлар ҳам ходимларнинг жамоа шартномасида кўрсатилган.

«Бундай ишлар ҳамшира ва ўқитувчиларнинг касбий вазифасига кирмайди, аммо ходимларнинг жамоа шартномасида уларнинг жамоавий, оммавий тадбирларда қатнашиши кераклиги Касаба уюшмалари ва бошқалар томонидан кўрсатилади. Ходимлар кўча тозалашга жалб қилинаётгани йўқ-ку. Ҳар бир ташкилот ҳудудида бўлимлар ободонлаштирадиган, қараб турадиган ҳудудлари бор, ўша жойларга масъул қилиб белгилаб қўйилган», — дея таъкидлади ССБ бошлиғи.

Улуғбек Абдуғаниев 2023 йил май ойидан бери вилоят ССБни бошқариб келмоқда.

«Газета.uz» бир кун аввал «Ўзбекистон 24» лавҳасида ўқитувчилар мактабни тозаламагани учун танқид қилингани, аммо педагогларни меҳнатга мажбурлаш қонунга зид экани ҳақида ёзганди.