Шавкат Мирзиёев 24 октябрь куни Қарши тумани маркази Бешкент шаҳридаги 12-мактабга режадан ташқари борганди. Ушбу ташрифни ёритган «Ўзбекистон 24» телеканали шарҳловчиси ўқитувчиларни «ўзи ишлаётган мактаб ҳовлисини гуллатиб, яшнатиб қўймагани» учун танқид қилди.

«12-мактаб ҳам ўтган йили капитал таъмирланган. Бироқ орадан 1 йил ўтибдики, ўқув масканига янги парта, стол-стул каби жиҳозлар етиб келмаган. Капитал таъмирдан чиққан мактаб биносида ҳатто тарнов ўрнатилмаган. Стадион қурилиши ўлда-жўлда қолиб кетган», — дея бошланади лавҳа.

Қайд этилишича, «мактаб остонасига қадам қўйган кишининг ҳафсаласи пир бўлади. Шаҳарчадаги мактаб ҳовлиси қуриб-қақшаб ётган чўлни эслатади. Бирорта янги экилган кўчат ёки дов-дарахт кўзга ташланмайди».

«Ахир ўқитувчилар мажбурий меҳнатдан озод қилинди, маоши ошди, жамиятдаги мавқеи юксалди. Ҳеч бўлмаса, шунча имкониятга жавобан ўзи ишлаётган мактаб ҳовлисини гуллатиб, яшнатиб қўйиши мумкин-ку. Балки бу ердаги педагоглар ҳафсаласизлиги, бефарқлиги билан ўқувчи ёшларга ўрнак бўлмоқчидир?» — дея савол берди телеканал шарҳловчиси.

«Наҳотки янги таъмирдан чиққан мактабнинг аҳволи шундай бўлса? Синфхонадаги жиҳозлар дабдала: эшиги синиб, осилиб ётган. Мана бу компьютер столини кўриб (қуйидаги расмга ишора қилиб — таҳр.), эсиз мактаб, эсиз таълим дегинг келади. Балки мактаб директори ва ўқитувчилари бундай манзарага кўникиб қолгандир. Бироқ туман мутасаддилари қаёққа қараяпти, деган савол туғилади», — дейилади лавҳада.

Унинг сўзларига кўра, бундай эътиборсизлик — давлат раҳбарининг таълим соҳасидаги ислоҳотларига, янги авлод вакилларининг келажагига хиёнат.

«Давлат ўз мажбуриятини бажаряпти. Жойлардаги ижрочи раҳбарлар эса сусткашлик қиляпти, аҳоли норозилигига сабабчи бўляпти. Мана сизга реал ҳолат! Жойлардаги раҳбар ва масъулларнинг эътиробсизлиги, масъулиятсизлиги туфайли ана шундай ҳолат узил-кесил барҳам топмаяпти. Бундай шароитда таълим сифати ҳақида гапиришнинг ўзи оғир», — дейди шарҳловчи.

Муносабат

Ушбу лавҳа эълон қилингач, бир қанча жамоатчилик фаоллари ўқитувчиларнинг тозалик ишларига жалб этилиши қонунга зид экани ҳақида ёза бошлади.

Халқ таълими соҳаси бўйича блог юритувчи Улуғбек Пўлатов мактаб ҳудудини ўқитувчилар меҳнатидан фойдаланиб ободонлаштирганлик учун 33 миллион сўмлик жарима борлигини эслатди.

«Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 51-моддаси 2-қисмига кўра, меҳнатга бирон-бир шаклда маъмурий тарзда мажбурлаш таълим ташкилотининг педагог ходимига нисбатан содир этилса, иш берувчига нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваридан бир юз эллик бараваригача (33 млн сўмдан 49,5 млн сўмгача) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади», — дея қайд этди у.

«Шунинг учун қандайдир йиғилиш ёки телевидениеда айтилган гаплардан илҳомланиб, ўқитувчиларни ободонлаштириш ишларига жалб қилиб қўймасликни маслаҳат бераман», — деб таъкидлади Улуғбек Пўлатов.

Собиқ депутат, экология вазири маслаҳатчиси Расул Кушербаевга кўра, «ўқитувчи қурувчи ҳам, боғбон ҳам, ободонлаштириш ходими ҳам эмас».

«Мактабнинг бу аҳволи учун асло ўқитувчилар айбдор қилинмаслиги керак! Шарҳловчи асосий урғуни тендер ўтказиб, мактабни „мошенник“ қурувчига топширган ҳокимлик вакилларига бериши керак. Акс ҳолда, ҳамма жойда ўқитувчиларни яна қурилиш, ободонлаштириш, дарахт экишга мажбурлаш кампанияси бошланади», — деб ёзади Кушербаев.

«Нега савол президент атрофида юрган, президентнинг жойдаги вакиллари бўлган, ваколати осмон қадар асосий айбдорларга берилмаяпти?» — дея савол берди у.

2023 йил март ойида президент ўқитувчиларни меҳнатга мажбурлаганлик учун жиноий ва маъмурий жавобгарликни белгиловчи ва меҳнатга ноқонуний аралашганлик учун жазони кучайтирувчи қонунни имзолаганди. «Энди сиз қонун ҳимоясидасиз», — деган ўшанда Президент администрацияси раҳбари ўринбосари бўлиб ишлаган Комил Алламжонов.

Аввалроқ президент шу мактабга ташрифи чоғида иситишни яхшилаш учун коридордаги деразалар сонини қисқартиришни таклиф қилганди.