Қозоғистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги қутқарувчилари Қарағанда вилоятидаги Костенко кўмир конида содир бўлган портлаш оқибатида ҳалок бўлган барча 46 нафар кончининг жасадини топди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.

«Ҳозирги кунга қадар қидирув-қутқарув ишлари давомида 45 нафар кончининг жасади ва 46-марҳумнинг тана қисмлари топилди», — дейилади хабарда.

40 кишининг шахси аниқланган, яна олти кишининг шахси номаълум. Уларни аниқлаш учун зарур текширувлар ўтказилади. Вазирликнинг қайд этишича, ҳозирда конда газ ҳолати нормал, очиқ ёнғинлар кузатилмаган. Мутахассислар конни тиклаш устида ишламоқда.

Костенко номидаги кўмир конида авария 28 октябрга ўтар кечаси содир бўлган. Ҳодиса вақтида ер остида 252 нафар кончи бўлган, улардан 206 нафари ер юзасига чиқарилган.

Ҳодисадан сўнг Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тоқаев Қарағанда вилоятига борган ва у ерда ҳалок бўлган кончиларнинг яқинлари билан учрашиб, ҳамдардлик билдирган.

Давлат раҳбари ҳукуматга корхонага эгалик қилувчи «АрселорМиттал Темиртау» (АМТ) билан сармоявий ҳамкорликни тўхтатиш бўйича топшириқ берган. Воқеа сабабларини аниқлаш учун ҳукумат комиссияси тузилган.

Тоқаев, шунингдек, 29 октябрни ҳодиса қурбонлари хотирасига миллий мотам куни деб эълон қилган.