Ижтимоий тармоқларда Андижон шаҳридаги руҳий касалликлар шифохонасида ходим беморни калтаклагани акс этган видео тарқалди.

Видеода тунги пайтда беморларнинг қатор турғизиб қўйилгани, шу пайтда касалхона ходимларидан бири улардан бирининг ёнига келиб, қўли билан ургани ва бемор йиқилгани акс этган. Шундан сўнг, уни кўтариб олиб чиқиб кетишганини кўриш мумкин.

Вилоят прокуратураси ҳолат юзасидан муносабат билдираркан, воқеа 27 октябрдан 28 октябрга ўтар кечаси «Андижон вилоят руҳий соғлиқни сақлаш» диспансерида содир бўлганини маълум қилди.

Аниқланишича, шифохонанинг кичик тиббий ходими У.Ш. бемор М.С. га қўпол муносабатда бўлган. Ҳолат юзасидан тиббиёт муассасаси томонидан ўрганиш ўтказилиб, 28 октябрь куни У.Ш. билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган.

Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан Андижон шаҳар ИИБ томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Текширув ҳаракатлари вилоят прокуратураси томонидан назоратга олинган, дейилади хабарда.