24 октябрь куни Шавкат Мирзиёев Қарши тумани маркази — Бешкент шаҳридаги 12-мактабга ҳам режалаштирилмаган ҳолда борди, деб хабар бермоқда давлат раҳбари матбуот хизмати.

Бу ерда 1400 га яқин ўғил-қиз ўқимоқда. Уларга юздан ошиқ малакали педагоглар таълим бермоқда. Мактаб ўтган йили капитал таъмирланган. Ўқувчиларга битта касб-ҳунар ва иккита хорижий тилни ўргатиш йўлга қўйилган. Компьютер саводхонлиги, тикувчилик, дурадгорлик каби тўгараклар бор.

шавкат мирзиёев

Президент «синфхоналарни кириб кўрди, ўқитувчи ва ўқувчилар билан суҳбатлашди. Мактаб шароитлари, дарсликлар сифати билан қизиқди», дейилади хабарда.

Шавкат Мирзиёев мактабда қиш мавсумига тайёргарлик, кўчат экиш ишлари билан танишди. Ижтимоий соҳа объектларини иссиқлик билан таъминлаш, энергия тежовчи технологиялардан фойдаланиш бўйича мутасаддиларга тегишли кўрсатмалар берди.

Шунингдек, у инфратузилма, функционаллик ва энергия самарадорлиги билан боғлиқ барча мезонларни назарда тутувчи мактаб қурилиши стандартларини янгилаш зарурлигини таъкидлади.

шавкат мирзиёев

«Яшил макон» лойиҳаси доирасида мактаблар атрофини ободонлаштиришга алоҳида эътибор қаратди.

Мактаб бор жойда маданият бўлади. Педагоглар бошқаларга ҳар жиҳатдан ўрнак. Мактаб атрофи обод бўлиб, мавсумий гуллар яшнаб турса, ёшларга ҳам тарбия, ҳам даъват бўлади", — деди давлат раҳбари.

Шавкат Мирзиёев Қашқадарёга сафари давомида Қарши тумани тиббиёт бирлашмасига режадан ташқари ташриф буюрганди.